Ўзбекистон делегацияси раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессиясида сўзга чиқди

28 февраль куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессияси ўз ишини давом эттирди. Сессиянинг Юқори даражадаги сегментида мамлакатимиз делегацияси раҳбари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, шунингдек,  Словакия, Ҳиндистон, Боливия, Корея Республикаси, Гондурас давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, Тожикистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, Эфиопия, Чад, Намибия каби мамлакатлар адлия вазирлари тўғридан-тўғри ёки видеоконференц-алоқа орқали сўзга чиқдилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш олий минбарида Ўзбекистон делегацияси номидан БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги  ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюцияларининг қабул қилиниши борасидаги мамлакатимиз ташаббусини қўллаб-қувватлаганлари учун БМТга аъзо давлатларга чуқур миннатдорчилик изҳори янгради.

Халқаро ҳамжамияти эътиборига Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимиздаги демократик ўзгаришларни истиқболда янада чуқурлаштиришга қаратилган устувор йўналишлар ҳақида зарур маълумотлар тақдим этилди.

Юқори даражадаги сегмент мажлиси иштирокчиларига юртимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан батафсил ахборот берилди.

Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари билан ўзаро манфаатли ҳаморлик алоқаларини янада кенгайтириш истагида экани эътироф этилди. Шу маънода, БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Э.Эдвардснинг жорий йилда юртимизга ташрифини ташкил этиш, шунингдек, келгусида Осиё қитъасида инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизм яратишга кўмаклашишга оид режаларни рўёбга чиқариш учун изчил саъй-ҳаракатлар давом эттирилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, мамлакатимиз делегацияси БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси лавозимини таъсис этиш юзасидан илгари сурилган Тошкент ташаббуси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч билдирди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 52-сессияси доирасида  Ўзбекистон делегацияси ўлим жазосини бекор қилиш масаласига оид юқори даражадаги тадбирда иштирок этди. Тадбирда Марказий Осиё давлатлари ва Монголия делегациялари раҳбарлари, “Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия” ноҳукумат ташкилоти вакиллари билан учрашилди. Мулоқотлар асносида Марказий Осиё мамлакатлари ва Монголияни ўлим жазосидан ҳоли минтақага айлантириш масаласи юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Испания ташаббуси билан “Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия” 2010 йил октябрида Мадридда ташкил этилган бўлиб, ўлим жазоси қўлланаётган мамлакатларда унинг тақиқланиши йўлида иш олиб борадиган мустақил ташкилот ҳисобланади.

Тадбирда “Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия” президенти, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ олий комиссари Н.Пиллэй, Комиссия вице-президенти, Швейцариянинг собиқ Президенти ва Ташқи ишлар вазири Р.Дрейфус, Монголия собиқ Президенти, мазкур Комиссиянинг комиссари Ц.Элбэгдорж ва бошқалар сўзга чиқди.

Ушбу учрашувлар асносида Ўзбекистон делегацияси раҳбари мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан, Асосий Қонунимизда ўлим жазосини тақиқлашга оид норма белгиланиши кўзда тутилаётгани ва бундай қадам, шубҳасиз, инсоннинг яшаш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилишини таъкидлади. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган”.

Энг муҳими, Ўзбекистон бутун дунё мамлакатларининг қонунчилигидан ўлим жазосига ҳум этишга оид нормаларни босқичма-босқич чиқариб ташлаш ташаббусини ҳамиша қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон делегациясининг Женевага ташрифи доирасида, шунингдек, АҚШ Давлат котибининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқи масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Э.Барклай ҳамда Исландия Ташқи ишлар вазири Т.Гильфадоттир билан икки томонлама учрашувлар ташкил этилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессияси иши давом этмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech