БМТ шартномалари ижросини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича халқаро жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди

Тошкент шаҳрида БМТ шартномаларининг мамлакатимизда бажарилишини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш юзасидан халқаро жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Европа ва Марказий Осиё дастурининг Халқаро юристлар комиссияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилди.

Миллий ва халқаро экспертлар томонидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакти ҳамда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси мисолида имплементация масаласи муҳокама қилинди.

БМТ шартномавий қўмиталари берган сўнги тавсияларнинг Ўзбекистон томонидан бажарилиши ҳолатини самарали мониторинг қилиш ва мувофиқлаштиришни таъминлаш учун кўриладиган таъсирчан чоралар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Халқаро жамоатчилик муҳокамасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари Шарлотт Адриан, Халқаро юристлар комиссияси директори вазифасини вақтинча бажарувчи Темур Шокиров, шунингдек, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий вакили вазифасини вақтинча бажарувчи Фабио Пиана сўзга чиқди. Улар томонидан бугунги кунда дунё миқёсида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш энг долзарб масалалардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.

Бу борада БМТ, бошқа халқаро ташкилотлар ҳамда давлатлар томонидан олиб борилаётган амалий ишлар, қабул қилинаётган ҳужжатлар ва уларнинг ижроси самарадорлигига эътибор қаратилди.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов онлайн тарзда сўзга чиқиб, БМТ Инсон ҳуқуқари бўйича кенгаши 52-сессиясининг Юқори даражадаги сегменти иши ҳақида тадбир иштирокчиларига атрофлича маълумот берди.

Шу билан бирга, Миллий марказ директори Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларни модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларда инсон ҳуқуқларига қатъий риоя этиш масаласи устувор аҳамият касб этаётганига алоҳида эътибор қаратди.

Халқаро жамоатчилик муҳокамаси учта сессия доирасида ташкил этилди.

Яъни, биринчидан, БМТ шартномавий органлари тавсияларини бажаришда миллий мустақил механизмларни мустаҳкамлаш, иккинчидан, бу борада фуқаролик жамияти институтлари мониторингига оид механизмлардан самарали фойдаланиш, учинчидан, ушбу муаммоларни ҳал қилишда Ўзбекистонда яшаётган барча инсонлар ҳуқуқларини тўла таъминлаш учун давлат идоралари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш масалалари юзасидан ўзаро тажриба алмашилди.

           

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech