3 март куни Тошкент шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан “Можароли ҳудудлардан қайтган фуқароларнинг репатриацияси, реабилитацияси ва реинтеграциясини баҳолашда инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув: Ўзбекистон тажрибасидан фойдаланиш” мавзусида миллий семинар ўтказилди.
Тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси халқаро эксперти Шаҳрибану Таджибахшнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкил этилди. Унда йигирмага яқин давлат органи ва фуқаролик жамияти институти вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этди.
Семинар ишида репатриация, реабилитация ва реинтеграция бўйича инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув концепциясининг лойиҳаси кўриб чиқилди. Миллий ва халқаро экспертларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари тингланди, шунингдек, Ўзбекистон тажрибаси ўрганилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий вакили Фабио Пиана тадбирни очиб берар экан, репатриация, реабилитация ва реинтеграция жараёнларида инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувдан фойдаланишнинг аҳамиятини таъкидлади. Шунингдек, Ф.Пиана реабилитация жараёнларида ва бу жараёнлар юзасидан мониторинг олиб боришда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий инстититутлар алоҳида ўрин тутишини қайд этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова 2019-2021 йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган “Меҳр” операцияси юзасидан маълумот берди. Бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолейн томонидан ҳам юқори баҳоланиб, мазкур модел бошқа давлатлар учун дастуриламал бўлиши мумкинлиги эътироф этилганига диққат қаратилди.
БМТ Террорга қарши бошқармасининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Диана Дигол БМТ доирасидаги репатриация, реабилитация ва реинтеграцияга оид муҳим лойиҳалар ҳақида тўхталди. Мазкур соҳага тааллуқли статистика маълумотлари иштирокчиларни бефарқ қолдирмади.
Ш.Таджибахш Ўзбекистоннинг можароли ҳудудлардан ўз фуқароларини репатриация ва реинтеграция қилиш бўйича “Меҳр” операциялари доирасидаги амалий ёндашувига юқори баҳо берди. Унинг таъкидлашига қараганда, ушбу амалиёт терроризм ва таҳдидларга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ёрқин ифодаси сифатида халқаро ҳамжамиятга намуна бўлиб хизмат қилади.
Унинг сўзларига кўра, репатриация бўйича дастлабки амалиёт мавжуд эмас ҳамда мазкур жараён ҳали якунига етмаган. Шу боис бу борадаги ишларни тизимлаштириш зарурияти асосий масалалардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, Ш.Таджибахш фикрича, Ўзбекистонда амалга оширилган репатриация, реабилитация ва реинтеграция чора-тадбирларининг инсон ҳуқуқлари тизимига қанчалик мос келиши тажрибасини таҳлил қилиш жуда муҳим. Чунки бу айни соҳадаги концепция лойиҳасини такомиллаштириш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш жараёнлари билан боғлиқ илғор тажрибани оммалаштириш ҳамда мавжуд муаммоларга ечим топиш юзасидан ўзаро фикр алмашиш учун қулай имконият туғдиради.
Тадбир иштирокчилари репатриация, реабилитация ва реинтеграция жараёнларида ҳимоя қилиниши керак бўлган универсал инсон ҳуқуқлари, уларни таъминлаш усулларини қизғин муҳокама қилдилар. Бу борада инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув асосидаги концепцияни амалга ошириш воситалари чуқур таҳлил этилди.
Иштирокчилар қайд этганларидек, айни вақтда терроризмга қарши кураш йўлида инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ муаммолар етарлича ўрганилган ва шакллантирилган. Аммо, шундай бўлса-да, терроризмга қарши кураш асносида фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларнинг кенг доирасини ҳимоя қилишни таъминлаш йўллари ҳалигача тизимлаштирилмаган.
Бундай шароитда инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув концепцияси чет эллардан терроризмга алоқадор шахслар ва уларнинг оилаларини қайтариш, реабилитация ва реинтеграция қилишнинг марказий тамойили сифатида инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя этишга урғу беришга асосланади. Бунда терроризм нафақат алоҳида шахслар ва уларнинг жамоаларига, балки бутун жамиятга таъсир қилишига урғу берилиши бежиз эмас.
Ушбу ёндашув можароли ҳудудлардан қайтиб келган шахсларнинг жамиятга муваффақиятли интеграциялашувини кўзда тутади. Бу, ўз навбатида, уларни зарур даражада қўллаб-қувватлаш, хизматлар ва имкониятлар билан таъминлаш, шунингдек, терроризмнинг асосий сабабларини бартараф этишни тақозо қилади.
Тадбир якунида мониторинг ва баҳолаш воситаси сифатида репатриация, реабилитация ва реинтеграция жараёнлари учун таклиф этилаётган инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув концепцияси маромига етказилди. Бунда миллий семинар иштирокчиларининг таклифлари инобатга олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.03.2023
- Кўришлар: 4145
- Чоп этиш