Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури халқимизнинг бугунги ҳаёти ва келажаги учун улкан аҳамиятга эга.
Миллий таълим дастури маъно-моҳиятини тарғиб этиш ва ушбу ҳужжат талабларини бажариш доирасида яқинда ўтказилган “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” якунлари ҳақида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан суҳбатлашдик.
– Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия 15 февралда тасдиқлаган дастур асосида юртимизда 20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” ўтказилди, – деди А.Саидов. – Ҳафталик дастурида белгиланган чора-тадбирлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан тўлиқ ва ўз вақтида ташкил этилди.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки халқаро ҳужжатларда эътироф этилганидек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим демократик жамият қуриш мақсадида ҳуқуқ ва эркинликларни англаб етиш ва улардан фаол фойдаланиш, мажбуриятларга амал қилишни назарда тутувчи инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман, ўз ҳаётига дахлдор бўлган қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.
– Ҳафталикни ўтказишда давлат ҳокимиятининг айнан қайси тармоғига мансуб ташкилот ва муассасалар алоҳида фаоллик кўрсатди, деб ҳисоблайсиз?
– Аввало, “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва ҳамкор халқаро ташкилотлар билан биргаликда, ўзаро ҳамжиҳатликда ўтказилди. Тадбирлар мамлакатимизнинг бутун ҳудудида – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда бўлиб ўтди.
Янада эътиборлиси шундаки, Дастурда белгиланган муддат 28 февралда расман тугаган. Шунга қарамай, жойларда ҳафталик мавзуси билан боғлиқ тадбирлар ҳали ҳам давом этмоқда.
Ҳафталик 15 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури” мавзусидаги давра суҳбати билан бошланди. Унда Миллий таълим дастури ижроси бўйича “Йўл харитаси”даги чора-тадбирларни бажаришга масъул вазирлик ва ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, 23 февраль куни Тошкент шаҳрида онлайн ва офлайн шаклда “Парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва аҳолининг хабардорлигини оширишдаги ўрни” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, “Барқарор ривожланиш маркази”, Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Парламент аъзолари иштирокида 23 февраль куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро конференция эса инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли ҳимояси борасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларига бағишланди. Конференцияда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда 20 га яқин хорижий мамлакатнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи ваколатли органлари вакиллари иштирок этгани диққатга лойиқдир.
– Ҳафталик доирасидаги яна қайси тадбирларда халқаро ҳамкорлар қатнашди?
– Бундай тадбирлар кўп ўтказилди. Хусусан, 21 февраль куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида “Ўзбекистонда ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш мақсадида муносиб меҳнатни тарғиб қилиш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Бош директори ёрдамчиси, ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Х.Коллер, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бюроси директори О.Кулаева, бошқа халқаро ташкилотлардан соҳа бўйича 100 дан ортиқ мутахассис, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, Олий Мажлис палаталари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди. Халқаро ва хорижий ҳамкорларимиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълимни такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Бундан ташқари, Миллий марказ 28 февраль куни Халқаро юристлар комиссияси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда Ўзбекистонда БМТ шартномаларининг бажарилишини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш юзасидан халқаро жамоатчилик муҳокамасини ташкил қилди.
Миллий ва халқаро экспертлар имплементация масаласини Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция мисолида кўриб чиқдилар. БМТнинг шартномавий қўмиталари томонидан берилган сўнгги тавсиялар ижросини Ўзбекистонда самарали мониторинг қилиш ва мувофиқлаштиришни таъминлаш учун қандай чоралар кўриш зарурлиги муҳокама қилинди.
Шуни алоҳида қйд этиш жоизки, 28 февраль – 4 март кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори раҳбарлигидаги мамлакатимиз делегацияси Женева шаҳрида ўз ишини бошлаган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессияси доирасида ўтказилган Юқори даражадаги сегмент ишида иштирок этди. Бу ташриф ҳам – “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” дастуридаги тадбирлардан биридир.
Юқори даражадаги сегмент мажлиси иштирокчилари эътиборига Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимиздаги демократик ўзгаришларни истиқболда янада чуқурлаштиришга қаратилган устувор йўналишлар ҳақида зарур маълумотлар тақдим этилди. Халқаро ҳамжамиятга юртимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан ҳам батафсил ахборот берилди.
– Таълим муассасалари ҳафталик доирасидаги тадбирларни ўтказишда қай даражада фаоллик кўрсатди?
– Таълим муассасаларининг “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасида амалга оширган чора-тадбирлари борасида Жамоат хавфсизлиги университети, айниқса, пешқадамлик қилди. Мазкур университет профессор-ўқитувчилари томонидан биргина Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги маҳаллаларда 62 та учрашув ташкил этилди.
Университет фаоллари, шунингдек, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент давлат техника университети, Турин политехника университети, фармацевтика факультети вакиллари билан биргаликда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда мавзу юзасидан жами 24 та маърифий анжуман ўтказган.
Бу соҳада Давлат ва ҳуқуқ институти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси ва Малака ошириш институти ҳам алоҳида фаоллик кўрсатди. Жумладан, Миллий марказ ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташаббуси билан 23 февраль куни Фарғона вилояти, Риштон тумани, Зоҳидон қишлоғидаги 3-ўрта таълим мактабида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида туркум маърифий-ҳуқуқий тадбирлар ўтказилди.
Тошкент давлат юридик университетида 24 февраль куни “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида давра суҳбати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг курсантлари билан учрашув, 28 февраль куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Халқ таълими тизимида ҳам ҳафталик доирасида кўплаб тадбирлар ташкил этилди.
– Суд-ҳуқуқ тизимида ҳафталик доирасида ўтказилган тадбирлар ҳақида ҳам маълумот борми?
– Ҳафталик доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, вилоят ва туман судлари томонидан туркум тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият”, “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари”, “Инсон ҳуқуқлари” мавзуларида ўтказилган 30 дан ортиқ давра суҳбати ва учрашувлар 1 минг 600 нафар аҳоли вакилларини қамради.
Судьялар олий мактаби биносида 21 февралда “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирда Жиноят ҳуқуқи, Фуқаролик ҳуқуқи, Маъмурий ҳуқуқ ва Иқтисодий ҳуқуқ йўналиши магистратура тингловчилари қатнашди.
Ҳафталик давомида мамлакатимизнинг туман, шаҳар ва маҳаллаларида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида “Прокурор ва ёшлар”, “Судья ва ёшлар”, “Адлия раҳбари ва ёшлар”, “ИИБ раҳбари ва ёшлар”, “ДХХ раҳбари ва ёшлар” каби турли учрашувлар ўтказилди.
Мисол учун, Жиззах шаҳридаги “Жиззахлик” маҳалласида “Судья ва ёшлар” учрашуви, Арнасой тумани Бобур маҳалласида “Прокурор ва ёшлар” учрашуви, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида “Адлия раҳбари ва ёшлар” учрашуви, Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани “Янгиобод” маҳалласида “ИИБ раҳбари ва ёшлар” учрашуви, Боғот тумани “Беруний” маҳалласида “ДХХ раҳбари ва ёшлар” учрашувлари, айниқса, намунали ташкил этилди.
Бундай учрашувларнинг аҳамияти нимада, деган савол туғилиши мумкин. Фикримизча, барча тадбирларда қатнашган минглаб юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги кундаги долзарб бўлган мавзулар – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масалалари, ўғрилик, фирибгарлик, ҳақорат қилиш, тан жароҳати етказиш ва инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи шу каби бошқа номаъқул хатти-ҳаракатлар ҳамда бундай ҳаракатларни содир этган шахсларга кўриладиган қонуний чоралар ҳақида зарур тушунча ва маълумотларга эга бўлди.
– Ёшларнинг ҳафталик доирасидаги тадбирларда иштирокини қандай баҳолайсиз?
– Юртимизнинг барча ҳудудларида ёшлар иштирокида ташкил этилган турли тадбирлар ўзининг замонавий, қизиқарли ва қамровдор эканлиги билан ажралиб турди. Хусусан, 20 февраль куни Миллий марказда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусидаги видеоконференцияда 2 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Тадбир доирасида 2022 йил декабрида якунланган “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар” танлови ғолиблари тақдирландилар.
Ҳафталик доирасида Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан юртимиз ёшлари ўртасида #Инсон_ҳуқуқлари_олий_қадрият хештеги ташкил этилди. Қарийб 4 минг нафар ёшларни қамраган ушбу тадбир ҳудудлардаги расмий каналларда тарғибот сифатида ёритиб борилди.
Миллий маркази томонидан 27 февраль куни ўтказилган "Инсон ҳуқуқлари билимдони" викторинасида қатнашган 126 нафар иштирокчи ҳам асосан ёшлардир. Ушбу викторинада белгиланган 15 сония вақт ичида тест саволларига тўлиқ ва тўғри жавоб берган 38 нафар иштирокчи орасидан 3 нафар ғолиб “Youtube” каналида "Рандомус рандомайзер" онлайн дастури асосида аниқланди ва 1 март куни сертификат ва совғалар билан тақдирланди.
– Фуқаролик жамияти институтлари ҳам бу жараёндан четда турмади. Шундай эмасми?
– Албатта. Ҳафталик доирасида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан туркум тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, Ассоциациянинг Бухоро, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Андижон, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмалари қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида ташкил этган давра суҳбатлари, учрашув ва семинарларда ҳудудларда фаолият олиб бораётган фуқаролик жамияти институтларининг 450 дан ортиқ вакили фаол қатнашди.
Қолаверса, “Мадад” ННТ томонидан 24 февралда “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ННТ фаоллигини оширишда ҳуқуқий жиҳатдан кўмаклашиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда муассасанинг туман ва шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюролари ҳамда жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
– “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”нинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз юритганда, қайси бир жиҳатни алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
– Эътиборли томони шундаки, ҳафталик йил бўйи давом этадиган бир қанча тадбирларнинг бошланишига ҳам туртки берди. Хусусан, Миллий марказ томонидан:
Биринчидан, “Тонг юлдузи”, “Класс” газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” Республика танлови эълон қилинди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Конституциясининг 31 йиллигига бағишланган ушбу танловнинг дастлабки босқичи 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида якунланса, иккинчи босқич ғолиблари эса 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни аниқ бўлади.
Иккинчидан, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Фарғона шаҳрида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ташкил этилди.
Бу ўқув курси Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида йил давомида ўтказилади. Машғулотларнинг жами сони 14 тани ташкил этади ва ўқув курсларида 700 нафар тингловчи таҳсил олиши таъминланади.
Учинчидан, ҳудудлардаги ахборот-кутубхона марказларига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётларни тақдим этиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирга қадар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари ахборот-кутубхона марказларига, Фарғона вилояти, Риштон тумани, Зоҳидон қишлоғидаги 3-ўрта таълим мактаби, Юридик клиника, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети каби қатор олий таълим муассасалари кутубхоналарига – жами 1 минг 200 та китоб тақдим этилди. Бу жараён энди мунтазам давом этади.
- Президентимиз қарорида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида тушунтирилиши масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
– Қарорда масъул ташкилотларга Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурининг амалга оширилиши тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотларнинг кенг жамоатчиликка тезкор етказилишини таъминлаш вазифаси юкланган. Айни соҳадаги ишлар аллақачон бошланган.
Биргина “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси каналларида 31 та интервью ва видеолавҳалар эълон қилинди. ЎзА – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳафталикка доир 20 дан ортиқ хабарни бир неча тилда тарқатди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати хамкорлигида 2 та брифинг ўтказилди. Брифинглар “Расмий хабарлар” телеграм-каналида, АОКАнинг “Фейсбук”даги расмий саҳифасида, “Ўзбекистон-24”, “Маҳалла” телеканалларида тўғридан-тўғри намойиш этилди.
Миллий марказ расмий сайтида ҳафталик мавзусида 114 та матнли, 40 та видео ва 425 та фото ахборот жойланди. Ушбу ахборотлар Миллий марказнинг Интернетдаги тармоқлари орқали ҳам тарқатилди. Миллий марказ ходимларининг радиоканалларда – 2 та суҳбат ва телеканалларда 11 та интерьвюси, газета ва сайтларда 22 та интервью ва мақолалари эълон қилинди.
Фурсатдан фойдаланиб, “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” тадбирларини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг, тезкор ҳамда қизиқарли тарзда ёритганларини эътироф этиб, соҳа вакилларига миннатдорчилик билдираман.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари қарорида таъкидланганидек, “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳимдир”. Ишончим комилки, “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасидаги изчил ва қамровдор тадбирлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг ана шу туб моҳиятини жамиятимиз аъзолари онгу-шуурига янада теран сингдиришда муҳим аҳамият касб этди.
Ғулом Мирзо суҳбатлашди
«Халқ сўзи» газетасининг 2023 йил 8 март кунги 47-сони
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонаси
- Қўшилди: 09.03.2023
- Кўришлар: 4533
- Чоп этиш