ЎЗБЕКИСТОНДА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ БОРАСИДА ЮҚОРИ НАТИЖАЛАРГА ЭРИШИЛДИ
Ўзбекистонда кечаётган кенг кўламли ўзгаришлар, хусусан, конституциявий ислоҳотлар жараёни хорижий мамлакатларнинг сиёсий, эксперт доиралари ва етакчи оммавий ахборот воситалари диққат марказида турибди. Қизиқиш бўлиши табиий ҳол. Чунки Бош қонунга киритиш таклиф этилаётган янгиланишлар ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳаларни ҳамда давлат бошқарувига доир жуда муҳим ўзгаришларни ўз ичига олади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 6 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувида таъкидланганидек, жамоатчилик томонидан юборилган 200 мингдан ортиқ таклифнинг ҳар бири синчиклаб ўрганиб чиқилиши натижасида конституциявий қонун лойиҳасининг якуний таҳрири тайёрланди.
Мамлакатимизнинг хориждаги дипломатия ваколатхоналари томонидан ҳам Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқаро ижтимоий-сиёсий, ишбилармон ва эксперт доираларига етказиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу мавзуда ўтказилаётган брифинг, давра суҳбатлари ва эксперт учрашувлари чоғида хорижлик иштирокчилар Ўзбекистоннинг Бош қонунини ислоҳ қилишдан кўзланган асосий мақсадлар билан яқиндан танишмоқда.
Ўз навбатида, “Инсон қадри учун” ғоясини илгари суришни назарда тутувчи Бош қонунимизга киритиладиган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти хорижлик экспертлар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.
Хусусан, БМТ Илмий-тадқиқот институти ва Европа университети (Валенсия) халқаро алоқаларни ривожлантириш дастури директори, Испаниянинг “ОK-Diario” ахборот агентлиги бош муҳаррири Хорхе Местре ўз шарҳида Ўзбекистон айни пайтда минтақадаги, айниқса, минтақавий иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик бўйича энг муҳим давлатлардан бири ҳисобланишини қайд этган. Бундан ташқари, Ўзбекистон қўшнилар ўртасида кўприкларни қайта тиклади ва сиёсий яқинлашув ташаббускори ўлароқ Марказий Осиё минтақасида етакчи давлат сифатида мустаҳкам ўрин эгаллади.
Хорхе Местре, шунингдек, Ўзбекистонда қисқа вақт ичида кўплаб соҳаларда фаол ислоҳотлар кечаётгани, тадбиркорлик янги босқичга кўтарилиб, экотизим шакллана бошлаганини алоҳида қайд этди. У Испания ҳукумати ва ишбилармон доиралари Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни катта қизиқиш ва эътибор билан кузатаётганини ҳам таъкидлади.
Мадрид халқаро прессклуби мувофиқлаштирувчиси, Испаниянинг “La Razón” газетаси муҳаррири Эдуардо Гуайлупо сўнгги йилларда Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт йўлида улкан натижаларни қўлга киритгани, халқ фаровонлигини оширишда салмоқли муваффақиятларга эришганини айтди. “Республика модернизациялаш, миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш ва унинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган кучли ҳамда самарали давлатни барпо этиш йўлида жадал одимлаётганини кузатмоқдамиз, — дейди Эдуардо Гуайлупо. — Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатда Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий асослар яратилди. Бугун эса республика жадал ривожланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз”.
“Diplomat in Spain” онлайн нашри шарҳловчиси Альберто Рубио Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш борасида туб ўзгаришлар рўй берганига эътибор қаратди. “Айни пайтда миллий оммавий ахборот воситалари халқ овозига, тўртинчи ҳокимиятга айланди. Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва демократик институтлар инсон ҳуқуқлари, жумладан, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Мамлакатда оммавий ахборот воситалари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш мақсадида қонунчилик базаси такомиллаштирилмоқда. Умуман айтганда, Ўзбекистон ахборот маконининг жадал кенгайиши кузатилмоқда”, дейди Альберто Рубио.
Варшавада польяк ОАВ учун ўтказилган брифинг чоғида элчи Баҳром Бобоев Конституциявий комиссия фаолияти, шунингдек, конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси давомида жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтларининг кенг иштироки ҳақида батафсил маълумотларни тақдим этди.
“Eurogospodarka” таҳририяти кенгаши аъзоси Анжей Казимиерски ўз нутқида таклиф этилаётган конституциявий нормаларни муҳокама қилиш жараёнида аҳолининг фаол иштироки энг юқори даражадаги сиёсий ва ҳуқуқий қонунийликка эга эканини таъкидлади. Унинг айтишича, мустақил дав-латчилик шаклланишининг энг муҳим босқичларини муносиб босиб ўтган Ўзбекистон фуқаролари янги Конституцияга эга бўлади.
“Trybuna” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Анжей Дришел янгиланаётган Бош қонунга киритиш таклиф этилаётган таклифларни муҳокама қилиш жараёнини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, дунёда конституциявий модель шаблонлари мавжуд эмас ва ҳар бир давлат турли сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, экологик ёки бошқа шарт-шароитларга асосланган конституциявий жараённи бошдан кечирмоқда. “Кўплаб мамлакатларда конституциявий ислоҳотлар туб ўзгаришлар даврида амалга оширилди.
Ўзбекистон кейинги йилларда давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳаларида барқарор ривожланишни дунёга намойиш этмоқда”, деди Анжей Дришел.
“Fakt” нашри мухбири Павел Лавик давра суҳбати иштирокчилари эътиборини янгиланаётган Конституция 2016 йилда Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларнинг барча қамровини, тизимли, ҳар томонлама ва чуқур ўзгартириш жараёнини давом эттиришга йўналтирилганига қаратди. Унинг айтишича, ушбу ислоҳотлар асосини инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ва ҳимоя қилиш ташкил этади.
Польшалик журналист, шунингдек, “Айнан шу масалаларда — демократлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда Ўзбекистон сезиларли фаоллик кўрсатиб, катта ижобий натижаларга эришмоқда. Ўзбекистон Конституциясига инсон, болалар ва ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилишини юқори баҳолаймиз. Бу мамлакатнинг демократик ривожланишини яққол кўрсатади”, деди у.
Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси кутубхонасида ўтказилган давра суҳбати иштирокчилари ҳам Ўзбекистон Бош қонунига киритилаётган ўзгартиришлар “инсон — жамият — давлат” тамойилига асосланаётганини қайд этди.
Жанубий Корея экспертлари ҳар бир мамлакат учун унинг Бош қонунини ислоҳ қилиш энг муҳим сиёсий жараён саналишини қайд этган ҳолда, Ўзбекистонда фуқароларнинг ижтимоий фаровонлиги ва инсоннинг асосий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш йўлида жадал ривожланаётган демократик ислоҳотларни юқори баҳолади.
Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси кутубхонаси директори Ли Мёнг Вунинг айтишича, Ўзбекистон Конституциясига киритиш таклиф этилаётган ўзгартишлар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг боришини ўзида акс эттириши баробарида ислоҳотларнинг янги йўналишлари мустаҳкамланишини ҳам назарда тутади.
Евроосиё туркшунослик институти директори О Ин Кёнгга кўра, Ўзбекистон Конституциясига киритиш таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг энг муҳим йўналишлари инсон ҳуқуқлари, тадбиркорлик, хусусий мулк, шунингдек, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларини янада ривожлантиришга қаратилгани билан муҳимдир.
“Дунё” АА
- Қўшилди: 10.03.2023
- Кўришлар: 4288
- Чоп этиш