15 март – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ташкил топган кун
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 2006 йил 15 март куни БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-резолюцияси билан ташкил этилган. Мазкур резолюция асосида Кенгаш инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳар бир давлат мажбуриятлари бажарилишининг Универсал даврий таҳлилини амалга оширади ҳамда шу орқали универсал миқёсда ва барча давлатларга бир хил муносабатни таъминлайди.
Яъни, давлатлар Универсал даврий таҳлил доирасида инсон ҳуқуқларининг барча соҳалари бўйича миллий маърузаларини ҳар
4 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга тақдим этади. Кенгаш инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда ва мунтазам равишда бузиш ҳоллари билан боғлиқ воқеалар ва амалиётни муҳокама этиб боради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш БМТнинг бутун дунёда барча инсон ҳуқуқлари рағбатлантирилиши ва ҳимоя қилиниши учун асосий масъул органи ҳисобланади. Кенгашнинг бош вазифаси – эркинлик, қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилишдир.
Кенгаш бирон-бир фарқларсиз ва адолат ҳамда тенглик асосида барча учун инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини умумҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш ишига кўмаклашади. Инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни кўриб чиқади ва улар бўйича ўзининг тегишли тавсияларини таклиф этади.
Бугунги кунда БМТ тизимида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига ихтисослашган 59 нафар махсус маърузачи мавжуд. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачилари — инсон ҳуқуқлари бўйича муайян мамлакатдаги вазият ёки аниқ бир мавзуни ўрганиш ва бу ҳақда маърузалар тақдим этиш учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан тайинланадиган мустақил экспертлардир.
Кенгаш доирасида, дунёнинг ҳар қандай ҳудудида ва ҳар қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, содир этилган ва тизимли ҳамда ишончли равишда тасдиқланган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг барча қўпол бузилиши ҳолатларини ўрганиш мақсадида шикоятларни кўриб чиқиш тартиботи ўрнатилган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши жаҳон бўйлаб инсон ҳуқуқлари рағбатлантирилиши ва ҳимоя қилиниши борасидаги вазиятни назорат қилиб, ҳукуматларга кўрсатма ва тавсиялар бериб боради. Энг муҳими, мазкур Кенгашга аъзо ҳар бир давлат ўз мажбуриятларини ёдда тутиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ мезонларга амал қилишда намуна бўлиши лозим.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 47 та аъзо давлатдан иборат. Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди.
Мамлакатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси сифатида 2021 йил 1 январдан буён бу борадаги вазифасини бажариб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг олий минбаридан илгари сурган миллий, минтақавий ва халқаро ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланди ва изчиллик билан рўёбга чиқарилмоқда.
Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг баҳорги сессияси доирасида – 2021 йил 22-24 февраль кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган Юқори даражадаги сегмент ишида Ўзбекистон Президенти ушбу Кенгашга аъзо давлат раҳбари сифатида биринчи марта иштирок этди ва сўзга чиқди. Юқори даражадаги сегмент Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг йил давомидаги энг асосий сиёсий тадбири ҳисобланади.
Женева шаҳрида 2021 йил 8 октябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 48-сессияси доирасида Ўзбекистон ташаббуси асосида Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган.
Давлатимиз раҳбари ўша нутқида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмларини мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 48-сессиясида Ўзбекистон киритган резолюция матни БМТ Кенгашига аъзо барча, яъни 47 та давлат томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Шунингдек, Ўзбекистон илгари сурган халқаро ҳужжат лойиҳасига дунёнинг 37 мамлакати ҳаммуаллифлик қилди.
2022 йил 4 октябрда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 51-сессиясида “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюцияси қабул қилинди. Ушбу резолюция 41 та давлат, шу жумладан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилиниб, унда ёшларнинг ўз мамлакатлари ривожланишидаги иштирокини кенгайтириш, улар учун тенг имкониятлар яратиш, ёшларни виртуал оламдаги таҳдидлардан ҳимоя қилиш, ёшлар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича ташаббусларни илгари суриш, ёшларнинг ўз ҳаёт тарзига таъсир ўтказадиган қарорларни қабул қилишда қатнашиши каби масалалар ифодасини топган.
Буларнинг барчаси, бир томондан, давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамият эътиборини қаратган мазкур умуминсоний муаммо нечоғлик долзарблигини яна бир бор яққол намоён этди. Иккинчи томондан, бу – Ўзбекистон Президентининг халқаро ташаббуслари ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини жаҳон жамоатчилиги кенг қўллаб-қувватлаётганининг ёрқин далолати ҳисобланади.
БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-резолюциясида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш бажарадиган вазифалар қаторида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга кўмаклашиш масаласи ҳам алоҳида таъкидланган. Яъни, халқаро ҳамжамият Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш 2006 йилда тузилган даврдаёқ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ушбу орган шуғулланадиган устувор соҳалардан бирига айланишини чуқур англаган.
Гап шундаки, бугунги кунда жаҳон аҳли тинчликка, дунёнинг бугунги манзарасига бемисл таъсир кўрсатадиган учта воқеликни бошидан кечирмоқда. Булар – пандемия инқирози, иқлим ўзгариши ва Европанинг қоқ юрагида кечаётган ҳамда глобал оқибатларга эга қуролли низолардир.
Бу воқеаларнинг барчаси инсон ҳуқуқларига тўғридан-тўғри дахл қилади. Шундай экан, ушбу воқеаларга инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ёндашиш – бундай кулфатларни енгиб ўтиш ва келгусида яна такрорланиши олдини олишнинг энг мақбул йўлидир.
Бундай инқирозларнинг олдини олиш учун инсон ҳуқуқлари соҳасига оид етук нормалар ва институтларга эга бўлиш талаб этилади. Бинобарин, ранг-баранглик қадриятларининг аҳамиятини эътироф этиш, жамиятни фаровон қилиш ва низоларга барҳам бериш учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимдан мақбулроқ таъсирчан восита борми?
Аҳолининг ўта заиф қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва барқарор тараққиётга эришишда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим янги яхши имконият эканига шубҳа йўқ. Низолар ва можаролар бўлиб ўтганидан кейин жамиятнинг ижтимоий аҳволини тиклашда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимдан шифобахшроқ малҳамни топиб бўлмаслиги кундек равшан.
Шу маънода, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида бу йўналишда амалга ошираётган изчил фаолияти ўз муносиб самараларини бераётганини жаҳон ҳамжамияти амалда яққол кўриб турибди. Айниқса, Президентимизнинг 2023 йил
7 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқлангани улкан аҳамиятга эга бўлди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман, ўз ҳаётига дахлдор қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда жуда муҳим.
Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг ушбу соҳани ривожлантиришга доир навбатдаги янги қарори Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш бўйича 2022 йил 10 декабрда бошланган бутун дунё миқёсидаги кампания даврида қабул қилингани алоҳида диққатга моликдир. Нега деганда, айни Декларация башарият тарихида биринчи марта инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини эълон қилган нуфузли халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури учта асосий мақсадга эришиш учун қабул қилинди. Булар, биринчидан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш; иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижросини таъминлаш; учинчидан, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишдан иборат.
Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида зиммасига олган мажбуриятлари доирасидаги фаолияти ҳақида сўз юритганда, шунингдек, мамлакатимиз 2021 йилда БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилганини алоҳида қайд этиш лозим. Ўз навбатида, 2022 йил декабрида “Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти” шафелигида, фуқаролик жамиятининг хотин-қизлар ташкилотлари ва “БМТ-аёллар” тузилмаси иштирокида минтақавий форум ўтказилди.
Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Пандемия шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинди. Ўтган йил августида Тошкентда “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтди.
Юртимиз делегацияси 2023 йил 28 февраль – 4 март кунлари Женева шаҳрида бўлиб, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 52-сессиясининг Юқори даражадаги сегменти ишида иштирок этди. Халқаро ҳамжамият эътиборига Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимиздаги демократик ўзгаришларни истиқболда янада чуқурлаштиришга қаратилган устувор йўналишлар ҳақида зарур маълумотлар тақдим этилди.
Юқори даражадаги сегмент мажлиси иштирокчиларига юртимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан батафсил ахборот берилди. Бундан ташқари, мамлакатимиз делегацияси БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси лавозимини таъсис этиш юзасидан илгари сурилган Тошкент ташаббуси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч билдирди.
Энг асосийси, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш олий минбарида Ўзбекистон делегацияси номидан БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюцияларининг қабул қилиниши борасидаги мамлакатимиз ташаббусини қўллаб-қувватлаганлари учун БМТга аъзо давлатларга чуқур миннатдорчилик изҳори янгради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси бўлиш учун қатъий интилгани бежиз эмаслиги, яъни бундан кўзланган мақсади эзгу ва холис эканлиги амалда яққол намоён бўлмоқда. Давлатимиз БМТ Кенгаши аъзоси сифатида зиммасидаги мажбуриятларни астойдил бажариб, инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга изчил кўмаклашмоқда.
Бинобарин, давлатимиз ва жамиятимиз ҳамиша мамлакатимизда ҳам, жаҳон миқёсида ҳам ҳуқуқ ва қонун устувор бўлиши, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланиши, ҳимоя қилиниши ва рағбатлантирилиши тарафдоридир.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 15.03.2023
- Кўришлар: 3895
- Чоп этиш