Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Турк бошчилигидаги делегация ҳамда Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари раҳбарияти ўртасида музокаралар ўтказилди

Унда Фолькер Турк инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш, хорижий юртларда қийин шароитга тушиб қолган ватандошларимизни мамлакатимизга қайтариш ҳамда жамиятга тўлақонли мослашишини таъминлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларни ижобий баҳолади.

Тадбирда Бош прокурор Н.Йўлдошев юртимизда шахс ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш, инсон қадри – қимматини янада юксалтириш, айниқса вояга етмаганлар, хотин - қизлар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида масъулият билан ёндашилаётганлигини қайд этди.

Шу билан бирга, Олий комиссар бошчилигидаги делегация аъзоларига Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси халқаро стандартлар, илғор миллий ва хорижий тажриба асосида тайёрланаётганлиги, қийноқ ва бошқа тазйиқлар ўтказилишининг олдини олиш борасида кўрилаётган чоралар инсон ҳуқуқларини самарали рўёбга чиқарилишига хизмат қилиши ҳақида батафсил ахборот берилди.

Учрашувда Бош прокуратура билан БМТ ва унинг тузилмалари ўртасида демократик давлатнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, уни халқаро андозаларга мослаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорликни тизимли асосда янада фаоллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech