29 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасида ўтказилган учрашув “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича бўлиб ўтадиган референдумга бағишланди. Тадбир Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ҳамда Малака ошириш институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Мирзатилло Тиллабоев референдумга қўйилган янги Конституция лойиҳасидаги ўзгаришлар ҳақида тадбир иштирокчиларига атрофлича маълумот берди. Бунда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилаётганига эътибор қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланмоқда. Бу талабнинг конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.
Янги Конституцияда халқаро эътироф этилган "Хабеас корпус" институтини қўлланиш кўлами янада кенгайтирилиб, жумладан, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилгандир.
Илк бор шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, сукут сақлаш ҳуқуқи кафолатланмоқда. Бошқача айтганда, халқаро эътироф этилган яна бир муҳим андоза – "Миранда қоидалари" Асосий қонунимизга татбиқ этилмоқда.
Конституция лойиҳасида ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилмоқда.
Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги белгиланяпти. Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини, ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ягона шарт – бу фуқаролар томонидан ўзини ҳимоя қилишда қўлланадиган усуллар ёки чораларнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бўлишидир.
Учрашув иштирокчилар ўртасидаги қизиқарли савол-жавоблар билан якунига етди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.03.2023
- Кўришлар: 6068
- Чоп этиш