29 март куни Тошкент шаҳар Юнусобод туман тиббиёт бирлашмасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича бўлажак референдумга бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда туман тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Миллий марказ халқаро шартномаларни имплементация қилиш бўлими бошлиғи Ўткирбек Очилов учрашув иштирокчиларига референдумга қўйилган янги Конституция лойиҳасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди. Бунда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилаётганига эътибор қаратилди.
Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 48-моддасида ҳар бир фуқаронинг кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш учун соғлиқни сақлаш тизимининг барча жабҳаси давлат томонидан рағбатлантирилишига оид норма мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, янги Конституция лойиҳасига мувофиқ, давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда аҳоли соғлиғини сақлаш ва ҳаёт сифатини ошириш мақсадида соғлом турмуш тарзини юритиш, жисмоний фаолликни ошириш, спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш бўйича вазифаларни ўз зиммасига олаётганлиги таъкидланди.
Учрашув якунида тиббиёт муассасаси ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.03.2023
- Кўришлар: 4623
- Чоп этиш