Янги Конституция лойиҳаси ва хавфсиз туризм истиқболлари

Мамлакатимиз ҳар жиҳатдан катта давлатга айланмоқда. Аҳолимиз 2040 йилга бориб 50 миллионга етади, жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади. Уларга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим. Булар ва бошқа кўпдан-кўп муаммолар ечими мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни – Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини тақозо этади.

29 март куни Ички ишлар вазирлигининг Бухоро шаҳридаги Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича бўлажак референдумга бағишлаб ўтказилган мулоқотда шу ҳақда сўз борди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ҳамда Малака ошириш институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Мирзатилло Тиллабоев таъкидлаганидек, референдум – давлат учун ҳам, ҳар бир фуқаро учун ҳам қабул қилиниши ўта аҳамиятли бўлган қарорлар бўйича овоз беришда кенг жамоатчилик иштирок этишининг самарадор усули ҳисобланади. Референдумга қўйилган янги Конституция лойиҳасининг 9-моддасида “Жамият ва  давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумхалқ овозига – референдумга қўйилади”, деган норма белгиланмоқда.

Янги Конституция лойиҳасига мамлакатимизда хавфсиз туризмни таъминлашга бевосита ва билвосита хизмат қиладиган муҳим нормалар ҳам киритилмоқда. Жумладан, лойиҳа матнидаги 24-моддада: “Ўзбекистон  Республикаси  ҳудудидаги  чет  эл  фуқароларининг ва фуқаролиги  бўлмаган  шахсларнинг  ҳуқуқ  ва  эркинликлари  халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Улар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва  халқаро шартномалари билан белгиланган бурчларни адо этадилар”, деб қайд этилган.

Бундан ташқари, янгиланаётган Конституция лойиҳасининг 32-моддасида: “Қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар  ким  мамлакат  бўйлаб  эркин  ҳаракатланиш,  турар  ва  яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга, бундан қонунда  белгиланган  чекловлар  мустасно.  Ўзбекистон  Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эга”, деган норма мустаҳкамланмоқда.

Бу каби конституциявий нормалар, ўз навбатида, мамлакатимиз туризм салоҳиятини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши тайин. Бинобарин, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 29 март куни айни шу мавзу муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, бу йил юртимизда Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг йиғилиши ўтказилади. Самарқанд 2023 йилда Жаҳон туризм пойтахти бўлади.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, 2023 йил Ватанимизнинг бой маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш йили бўлиши керак. Бунда референдумга қўйилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланиши катта аҳамият касб этади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech