Бухоро вилояти ахборот-кутубхона марказига ноёб ҳуқуқий адабиётлар топширилди

Бухорода Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда бир қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, Абу Али ибн Сино номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида «Конституция ва инсон ҳуқуқлари бурчаги»ни ташкил этишга бағишланган маросим эсда қоларли кечди.

Тадбирда Ички ишлар вазирлиги Бухоро академик лицейининг бир гуруҳ ўқувчилари — фаол китобхонлар, зиёлилар иштирок этишди. Маросимда сўз олган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори биринчи ўринбосари, юридик фанлари доктори, профессор М. Тиллабаев, ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлари доктори, профессор М. Турғунов, Олий Мажлис Сенати аъзоси А. Ҳусейнова мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳуқуқий таълимнинг ўрни ва аҳамияти тўғрисида тўхталдилар.

— Бугун вилоят ахборот-кутубхона марказига 200 га яқин ҳуқуқий мавзудаги адабиётлар топширилди, — дейди биз билан суҳбатда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи, юридик фанлари номзоди, доцент Фарҳод Ҳайитбоев. — Инсон ҳақ-ҳуқуқлари, гендер тенглик, бола ҳуқуқлари каби қатор долзарб масалаларни қамраб олган бу тўплам ва рисолалар, шунингдек, хорижий давлатлар Конституциялари ва Бош қомусимизни қиёслаш имконини берувчи ўзбек тилидаги адабиётлар, таржима асарларни барча кутубхоналарда ҳам учратавермайсиз. Улар мана шу жиҳати билан ҳам камёб ва ноёбдир. Марказимиз саъй-ҳаракати билан Қорақалпоғистон республикаси ҳамда барча вилоятлар кутубхоналарига ана шундай адабиётлар топшириляпти.

Тадбир иштирокчилари шунингдек, Бухоро вилоят «ННТ ва Дўстлик» уйида бўлиб, нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаоллари ва миллий-маданий марказларнинг вакиллари билан учрашдилар.Самимий руҳда кечган мулоқотда муҳим сиёсий тадбир — Референдум, янгиланаётган Конституция, унинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр-мулоҳаза юритилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech