30 март куни Бухоро Давлат университетида шу мавзуда мулоқот бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фанлар Академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мулоқотга Бухоро Давлат университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор О.Ҳамидов модераторлик қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор М.Тиллабоев, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор М.Мамасидиқов, Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Муроджон Турғунов, Миллий марказ бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент Ф.Ҳайитбоев сўзга чиқдилар.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Халқимиз таклиф-истаклари ва халқаро экспертлар хулосалари асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилгани буни яққол тасдиқлайди.
Шу маънода, айни вақтда ҳал қилувчи босқичга кирган конституциявий ислоҳотлар мамлакат, миллат ва халқ сифатида яқин ва узоқ истиқболимизни аниқлаб олиш учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир. Янги Конституция лойиҳасида ёшлар масаласига оид нормалар алоҳида бобда ўз ифодасини топмоқда.
Хусусан, янгиланаётган Конституциямизга кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, уларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини ўз зиммасига олмоқда. Бу, ўз навбатида, Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигидан далолатдир.
Яна бир муҳим жиҳат: Конституция лойиҳасида шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий принциплари янгича мезон бўйича, яъни “инсон – жамият – давлат” тамойили негизида ўрнатилмоқда. Шу асосда давлат ҳокимиятининг тузилиши, унинг субъектлари ва ҳокимиятни амалга ошириш механизмлари белгиланмоқда, жамият, инсон ва фуқаронинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқлари мустаҳкамланмоқда.
Учрашув самимий руҳда ўтди. Талаба-ёшларнинг барча саволларига жавоб берилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.03.2023
- Кўришлар: 4118
- Чоп этиш