30 март куни Бухоро вилояти Нодавлат нотижорат ташкилотларининг дўстлик уйида ушбу вилоятда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаоллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. У бўлажак референдум ва Янги Конституция лойиҳасига бағишланди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Фанлар Академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор М.Тиллабоев қайд этганидек, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасига фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш ва жамоатчилик назорати институтини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим нормалар киритилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда очиқлик сиёсатини янги босқичда изчил давом эттиришдир.
Бу ўринда, аввало, янги таҳрирдаги Конституцияга фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилаётгани ва улар фаолиятининг кафолатлари белгиланаётганини таъкидлаш лозим. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.
Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 13-боби, 69-75-моддалари фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг кафолатларига бағишланган. Мазкур ўзгаришларнинг моҳияти ҳақида тўхталганда, биринчи навбатда, Конституцияга илк бор “фуқаролик жамияти институтлари” ибораси киритилаётганига эътибор қаратиш зарур.
Янги Конституция лойиҳасининг 69-моддасида жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институтлари қаторида қайд этилмоқда. Лойиҳанинг115-моддасида эса Вазирлар Маҳкамасига фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш вазифаси юклатилмоқда.
Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларига Ўзбекистон Республикаси бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ваколати берилмоқда. Бундай муҳим ваколат янги Конституция лойиҳасининг 148-моддасида белгиланмоқда.
Бундан ташқари, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига аралашишига, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмаслиги Асосий қонун даражасида мустаҳкамланмоқда.
Давра суҳбати иштирокчиларининг фикрича, янги таҳрирдаги Конституцияда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг кенг кўламда мустаҳкамланаётгани жуда муҳим. Бу янги конституциявий нормалар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш ҳамда ижтимоий фаоллиги ва фаолиятининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши тайин.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.03.2023
- Кўришлар: 5250
- Чоп этиш