30 март куни Бухоро вилоятининг Пешку, Жондор, Қоракўл ва Вобкент туманларидаги маҳаллаларда Рамазон ойи муносабати билан ифторлик дастурхонлари ёзилиб, бир пиёла чой устида нуроний юртдошларимиз билан дилкаш суҳбат қурилди. Оқсоқоллар мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлаб, янги Конституция лойиҳаси учун овоз бериладиган референдум Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги учун улкан аҳамиятга эга эканини уқтирдилар.
Шунингдек, Пешку туманидаги "Дейча" маҳалла фуқаролар йиғинида "Маҳаллада сектор раҳбари куни" тадбирлари доирасида туман прокурори С.Қурбонов 30 дан ортиқ ёшлар билан учрашув ўтказди. Ёшлардан келиб тушган 17 та мурожаатнинг 7 таси ижобий ҳал этилиб, 6 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. Ижроси вақт талаб қиладиган 4 та мурожаат юзасидан тегишли мусъулларга топшириқлар берилиб, назоратга олинди.
Бундан ташқари, маҳалла ходимлари билан уйма-уй юрилиб, 196 та хонадондаги инсонларнинг ҳаётий муаммолари ўрганилди. Жумладан, "Пешку" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи эҳтиёжманд фуқаро О.Ҳамроевага ҳомийлик йўли билан соғин сигир олиб берилди.
Маҳалларда бўлиб ўтган тадбирларда Бухоро шаҳрида ўтказилган “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги икки кунлик ўқув курси ташкилотчилари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти вакиллари ҳам иштирок этди. Улар маҳалла аҳлига бўлажак референдумда овоз бериладиган Конституция лойиҳасидаги концептуал ўзгаришлар ҳақида атрофлича маълумот бердилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.03.2023
- Кўришлар: 3849
- Чоп этиш