Конститутциявий ислоҳотларга бағишланди

30 март куни Бухоро вилояти Ромитан тумани ички ишлар бўлимида референдум ва конституциявий ислоҳотларга бағишланган  мулоқот бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фанлар Академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор М.Тиллабоев ўз сўзида қайд этганидек, янги Конституция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси асносида оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоқлари орқали лойиҳа билан 5 миллион аҳоли танишиб, 150 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилган. Шу билан бирга, меҳнат жамоалари, олийгоҳлар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам яна қарийб 10 мингта қўшимча таклиф келиб тушган.

Бундан ташқари халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 190 дан ортиқ давлатлар тажрибаси ўрганилиб, лойиҳа 6 турдаги экспертизадан ўтказилган. Бу, ўз навбатида, янги таҳрирдаги Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош Қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради.

Учрашувда, шунингдек, референдум тушунчаси, референдумнинг сайловлардан фарқи, Ўзбекистон тарихидаги референдумлар, мамлакатимизнинг янгиланаётган Конституцияси референдумга қўйилишининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида аниқ таҳлилий маълумотлар берилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech