31 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Ўзбекистоннинг 4-Универсал даврий ҳисоботи цикли бўйича вебинар: Универсал даврий ҳисобот доирасида миллий ҳисобот тайёрлашнинг энг яхши амалиёти” мавзусида онлайн вебинар ўтказилди. Тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси “УПР инфо” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Миллий семинарда Универсал даврий ҳисобот доирасида миллий ҳисоботларни тайёрлаш бўйича асосий талаблар билан танишилди. Вебинарда 20 дан зиёд давлат органи вакиллари, мутахассислар ва экспертлар иштирок этди.
Дастлабки сессияда Универсал даврий ҳисобот механизми ва Ўзбекистоннинг 4-Универсал даврий ҳисоботи циклининг хронологияси ҳақида сўз юритилди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Универсал даврий ҳисобот бўлинмасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Жероен Клок ўз маърузасида Универсал даврий ҳисобот, унинг тузилиши ва таркиби, шунингдек, унга қўйиладиган дастлабки талаблар тўғрисида иштирокчиларга маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, мазкур жараёнлар тўғрисида тўлиқ маълумотларга эга бўлиш ҳисоботни муваффаққиятли тайёрлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Иккинчи сессия Универсал даврий ҳисобот доирасида миллий ҳисобот ишлаб чиқиш ва тақдим этиш бўйича кўрсатмалар мавзусига бағишланди. Унда “УПР инфо” ташкилотининг дастурий катта менежери Наргиза Арупова дастлаб мазкур ташкилот тўғрисида маълумот берди. Унинг қайд этишича, “УПР инфо” Женева шаҳрида жойлашган нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, ўз фаолиятини Универсал даврий ҳисобот жараёни иштирокчилари, яъни ҳукуматлар, БМТ органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, парламентлар, суд органлари, илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари вакилларининг бу соҳадаги хабардорлигини оширишга қаратган.
Ўз навбатида, “УПР инфо” ташкилотининг дастурий мувофиқлаштирувчиси Лаура Синнер Универсал даврий ҳисобот доирасида ишлаб чиқиладиган миллий ҳисоботнинг шакли ва мазмунига оид талаблар, хусусан, ҳисоботнинг ҳажми, тузилиши, маълумотлар кетма-кетлиги, ҳаволалар тартиби, иловаларнинг мувофиқлиги ва шу каби бошқа мезонлар тўғрисида маълумот берди.
Шунингдек, 3-сессия доирасида Универсал даврий ҳисобот миллий ҳисоботи лойиҳасини ишлаб чиқишдаги энг яхши амалиётлар кўриб чиқилди. Бунда, жумладан, Италия, Буюк Британия, Швейцария, Гондурас давлатларининг бу борадаги тажрибасига алоҳида урғу бериб ўтди.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди. Шу билан бирга, “УПР инфо” ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг 4-Универсал даврий ҳисоботини тақдим этишга бағишланган дастлабки тайёргарлик сессиясини ҳамкорликда ўтказишга келишиб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 31.03.2023
- Кўришлар: 4139
- Чоп этиш