“Конституция ва инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар” бурчаги ташкил қилинди

3 апрель куни Аҳмад ал-Фарғоний номидаги Фарғона вилоят Ахборот-кутубхона марказида “Конституция ва инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар” бурчаги ташкил қилинди ва “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтадиган референдумга бағишланган мулоқот ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ўтказилган ушбу тадбирларда Ахборот-кутубхона маркази жамоаси ва китобхонлар иштирок этди.

Миллий маркази бўлим бошлиғи Камила Олимова иштирокчиларга сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида сўзлаб берди. Янгиланаётган Конституциямизда хотин-қизлар ҳуқуқларига оид нормаларнинг мустаҳкамланиши бу йўналишдаги энг муҳим ва янги қадамлар экани таъкидланди. 

Ҳар бир инсон ўз ҳуқуқларини билиши ва уларни амалга ошириши учун ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳақида хабардор бўлиши инсон, жамият ва давлат ривожида катта аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида бу борада бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

Қарор ижроси доирасида, жумладан, юртимизнинг барча ҳудудларидаги  ахборот-кутубхона марказларида “Конституция ва инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар” бурчаги ташкил қилинмоқда. Ўз навбатида, Аҳмад ал-Фарғоний номидаги Фарғона вилоят Ахборот-кутубхона марказида ҳам шундай бурчак ташкил этилди ва унга Миллий марказ томонидан китоблар тақдим этилди.

Тадбирда Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти  директори М.Турғунов сўзга чиқиб, бўлажак референдумнинг аҳамияти, янгиланаётган Конституциянинг зарурати, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг  ўрни ҳақида тўхталди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжимиятида тутган муҳим мавқеи хусусида  атрофлича фикр юритилди.

Самимий мулоқот тадбир иштирокчиларига манзур бўлди. Ахборот-кутубхона маркази жамоаси ва китобхонлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

         Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech