Шу йил 13-15 март кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркдан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов номига расмий хат келди.
Мактубда Миллий марказда ўтказилган учрашув ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқлари бўйича тақдим этилган маълумотлар учун миннатдорчилик билдирилган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари хатида, шунингдек:
“Шу вақтгача Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини илгари суриш соҳасидаги етакчи ҳамкоримиз бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади ҳамда бу борада ҳисобот тақдим қиладиган, тавсияларимизни амалиётга татбиқ этадиган ва бошқа узвий саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган миллий механизм ҳисобланади”, деб алоҳида қайд этилган.
Шунинг баробарида, Фолькер Тюрк таъкидлаганидек: “мустақил фуқаролик жамияти билан ўзаро ҳамкорлик ҳали ҳам, айниқса, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Глобал форумнинг Якуний ҳужжатини амалга оширишда етакчи аҳамиятга эга”.
Хатда маълум қилинишича, Ф.Тюркнинг ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашувидаги келишувга мувофиқ, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий офиси келгусида Ўзбекистонда ўрнатилган тартибда халқаро мақомда фаолият олиб боришига қаратилган чоралар кўрилмоқда.
БМТ Олий комиссари хатига ташриф якунлари бўйича тавсиялар ва изоҳлар рўйхати тақдим этилган. Ушбу тавсия ва изоҳлар “Сизнинг ҳамкасбларингиз, тегишли давлат органлари, Омбудсман ва фуқаролик жамияти билан биргаликда муҳокама этилган масалалар асосида тайёрланди”, дейилади мактубда.
Айни вақтда Миллий марказда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари тавсиялари асосида “Йўл харитаси” лойиҳасини ишлаб чиқишга киришилди. Лойиҳа тайёр бўлгач, белгиланган тартибда тасдиқлаш учун тақдим этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.04.2023
- Кўришлар: 3743
- Чоп этиш