Фарғона давлат университетида “Конституцияда инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг замирида аҳолини ҳаётдан рози қилишдек эзгу мақсадлар мужассам. Айниқса, инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Янги таҳрирдаги Конституция – юртимиз ва халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлаётганлиги билан аҳамиятлидир. “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгилангани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Ушбу мақсадга эришиш учун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керакли белгиланмоқда.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов, юридик фанлар доктори, профессор Миродил Баратов ва бошқалар “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси хусусида сўз юритиб, муҳим ўзгаришлар, янги нормалар ҳақида маълумот берди.
Янгиланаётган Конституциядаги муҳим жиҳатлар мисоллар ёрдамида иштирокчиларга тушунтирилди. Талабалар билан “Конституция лойиҳасини қўллаймиз” акцияси ҳам ўтказилди ҳамда уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши “инсон қадри учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятини жадал ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 04.04.2023
- Кўришлар: 4088
- Чоп этиш