3 апрель куни Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги хорижий тилларга ихтисослашган 2-сонли умумий ўрта таълим мактабида шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тумандаги умумий ўрта таълим мактаблари директорлари, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, ижодий-маданий ишлар бўйича тарғиботчилар иштирок этган маданий-маънавий тадбирда дастлаб янгиланаётган Конституциямиздаги янги демократик қоидаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.
Шунингдек, демократиянинг энг муҳим шартларидан бири – давлат ва жамият аҳамиятига молик масалаларни ҳал қилишда халқнинг бевосита иштирокини ифодалайдиган референдумнинг аҳамияти ҳақида фикр юритилди.
Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи Комила Олимова ва Миллий марказ масъул ходими Ҳамидулло Мўминов, Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Муроджон Турғунов, мазкур институт бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Аҳрор Худойбердиев сўзга чиқди. Улар томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил конституциявий ислоҳотлар “Аввал инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғоя асосида эркин, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлатни шакллантириш ва тараққий этиришга қаратилгани билан аҳамиятли экани алоҳида таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси умумхалқ референдумида барчани фаол иштирок этишга чақирдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.04.2023
- Кўришлар: 3802
- Чоп этиш