4 апрель куни Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилоят Ахборот-кутубхона марказида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан бўлиб ўтадиган референдумга бағишланган мулоқот ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ташкил этилди.
Миллий марказ бўлим бошлиғи Комила Олимова сўзга чиқиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусан, хотин-қизларнинг таълим олиш ва меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотлар самаралари ҳақида гапирди. Янгиланаётган Конституциядаги аёллар ҳуқуқлари ва эркинликларини ифода этувчи янги қоидаларнинг моҳияти ва аҳамиятига тўхталди.
Ўз навбатида, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов юртимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида сўзлади. Бу йўналишда тарихий қадриятларимизнинг ўрни ва аҳамиятига урғу берар экан, маърузачи янгиланаётган Конституция матнига 27 та янги модда киритилаётгани, хусусан, экологик ҳуқуқларга доир нормалар ҳам акс эттирилганини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси М. Ғаниева, Миллий марказ ходими Х.Мўминов, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Андижон ҳудудий бўлинмаси масъул ходимлари А.Узоқжонов ва Ф.Отахонов, вилоят фаоллари, шоирлар Фарид Усмон ва Дурбек Қўлдошев, шунингдек, Ахборот-кутубхона маркази жамоаси иштирок этди.
Тадбир якунида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Андижон Ахборот-кутубхона марказида “Конституция ва инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар” бурчаги ташкил этилди. Кутубхонага Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази номидан айни мавзудаги китоблар тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.04.2023
- Кўришлар: 3960
- Чоп этиш