Андижонда “Конституцияда инсон қадри ва янги Ўзбекистонни барпо этишдаги масъулият” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Давлат ва ҳуқуқ институти, Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги Маърифат уйида ташкил этилди. Унда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлари, сиёсий партиялар, вилоятда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг мазмун-моҳияти, юрт, жамият равнақи, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлашдаги аҳамияти хусусида сўз юритилди.
Тадбирда сенатор, Андижон туманидаги “Орол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Матлуба Ғаниева, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори Муроджон Турғунов “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси, мазкур қонун лойиҳасини маъқуллаш бўйича жорий йил 30 апрель куни ўтказиладиган умумхалқ референдуми юзасидан фикрлар билдирди, янгиланаётган конституцияга киритилган ўзгаришлар, янги модда ва нормалар ҳақида гапирди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти мутахассисларининг “Конституцияда инсон қадри ва янги Ўзбекистонни барпо этишдаги масъулият”, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига оид референдум: моҳият ва тартиб-таомиллар” мавзусидаги маърузалари тингланди.
Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси ҳамда референдум бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА
- Қўшилди: 05.04.2023
- Кўришлар: 4032
- Чоп этиш