Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Конституция: ШҲТ мамлакатлари тажрибаси

5 апрель  куни Тошкентда шу мавзуда халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Барқарор ривожланиш маркази томонидан  ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева халқаро конференция иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчиси Маниш Прабхат анжуман ишига муваффақият тилар экан, Ўзбекистон тарихида ноёб тажриба – “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиб, референдум орқали тасдиқлаш учун изчил демократик жараён амалга оширилаётганини алоҳида таъкидладилар.

Хусусан, А.Саидов қайд этганидек, ҳозирги кунда жаҳон миқёсида қарийб 500 та амалдаги Конституция мавжуд. Шундан салкам 200 таси – мустақил давлатлар Конституциялари ҳисобланса, қолган 300 таси – федерациялар субъектларининг Конституцияларидир. ХХI асрнинг ўтган даврида дунё мамлакатларида 57 та янги Конституция қабул қилинган ва парламентлар томонидан Конституцияларга киритиладиган ўзгартиришлар 785 маротаба муҳокамадан ўтказилган. Бир сўз билан айтганда, дунё янги конституциявий даврга қадам қўйди.

Халқаро анжуманда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) маконини конституциявий ривожлантиришнинг умумий қонуниятлари, шунингдек, ШҲТ мамлакатларининг конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳисобга олиш соҳасидаги тажрибаси муҳокама қилинди. Тадбирга Барқарор ривожланиш маркази  Бошқарув кенгаши раиси, фаласафа фанлари доктори Маъруфжон Усмонов модераторлик қилди.

Конференция ишида мамлакатимизнинг тегишли давлат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, академик ҳамжамият ҳамда таҳлилий марказлар экспертлари фаол иштирок этди. Шунингдек, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистондан хорижий экспертлар сўзга чиқди.

Иштирокчилар фикрича, ШҲТ мамлакатларининг конституциявий ривожланиши тажрибаси:

  • ислоҳотларни шахсга йўналтириш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;
  • инсон ва табиатнинг уйғунлигини таъминлаш;
  • мол-мулк ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш;
  • ижтимоий давлат тамойиллари ва нормаларини белгилаш;
  • оила, оналик ва оталик институтини қўллаб-қувватлаш;
  • таълим ва фундаментал илмий кашфиётларни молиялаштириш ва рағбатлантириш;
  • ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш каби муҳим тенденцияларни очиб берди.

Ушбу конституциявий қоидалар ШҲТ мамлакатларининг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суриш ва тизимли амалга ошириш билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ШҲТ фаолияти камбағалликка қарши кураш, ёшлар ва гендер сиёсати, соғлиқни сақлаш, экология, электрон тижорат ва иқтисодиётни рақамлаштириш, транспорт, савдо ва тадбиркорлик соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам қаратилган. Бинобарин, ШҲТни 2025 йилгача ривожлантириш стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар кўп жиҳатдан БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳангдир.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech