Сенат Раисининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Конституция: Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари тажрибаси” халқаро конференциясидаги кириш сўзи

Муҳтарам ҳонимлар ва жаноблар!

Қадрли меҳмонлар!

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

 

Барчангиз билан ушбу муҳим, шу билан бирга, катта аҳамиятга эга анжуманда учрашиб турганимдан ҳурсандман.

Бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган даврда мамлакатимизнинг дунёдаги нуфузли халқаро тузилмага айланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва унга аъзо давлатларнинг барчаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда.

Айниқса, мамлакатларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар, энергетика, транспорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик муносабатлари тобора янги босқичга кўтарилмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда бўлаётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг доимий диққат марказида.

Бугунги мавзу ҳам бежиз Барқарор ривожланиш мақсадлари, Конституция ҳамда Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг тажрибасига бағишланмаган.

Зеро, Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда бўлиб ўтган конституциявий ислоҳотлар, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қўлга қиритилган натижалар биз учун ниҳоятда аҳамиятлидир.

Чунки, “Шанхай руҳи” тамойили асосида бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш орқалигина минтақада тинчлик, фаровонлик ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашимиз мумкин.

Албатта, конституциявий ислоҳотлар ҳақида тўхталар эканмиз, биргина XXI асрда дунёнинг 90 га яқин давлатида конституциявий ислоҳотлар муваффақиятли ўтказилганлигини, уларнинг 57 тасида янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинлигини таъкидлаш жоиз.

Бугун ўзбек халқи Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси билан яшамоқда. Бу – шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.

Бугун барчамиз жуда катта тарихий воқеа арафасида турибмиз.

Боиси халқимизнинг хоҳиш-иродаси, орзу-интилишлари ҳамда пировард мақсадларини рўёбга чиқариш имконини берувчи янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу жараёнда халқаро тажриба, шу жумладан Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг тажрибаси эътиборга олинди.

Узоқ муҳокама ва мунозаралар асосида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасини ҳақиқий халқ Конституцияси деб айтишимиз учун барча асослар етарли.

Янгиланаётган Қомусимизда инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларига доир маданиятни шакллантириш, барқарор ривожланишнинг энг муҳим вазифалари ўз аксини топди.

Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб 3 бараварга ортмоқда.

Умуман олганда амалдаги Конституция нормаларининг 65 фоизи янгиланмоқда ва уларнинг барчаси Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади.

Албатта, олдимизда ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар жуда кўп.

“Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” тамойилидан келиб чиқиб, ушбу конституциявий қонунни 30 апрель куни умумхалқ референдуми асосида қабул қилишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Референдумдан кейин барчамизни катта ишлар кутиб турибди.

Амалдаги қонунчилигимизни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиришимиз, бошлаган ислоҳотларимизни изчил давом эттиришимиз лозим.

Барчамиз референдум орқали халқнинг қўллаб-қувватлаши билан конституциявий ислоҳотлар муваффақиятли якунланишига қатъий ишонч билдирамиз.

Бугунги анжуманимизда тажрибали, ҳурматли миллий экспертлар билан бир қаторда Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг етук олим ва мутахассислари Чжао Чанвен, Правеш Кумар Гупта, Валентин Гусев, Чингиз Айдарбеков жаноблари ҳамда Зере Утебаева ва Асел Сериковна Абен хонимлар иштирок этмоқда.

Барчамиз сизларнинг юксак билимингизга ва улкан тажрибангизга ишонамиз.

Ўйлайманки, бугунги анжуман баҳс-мунозаларга ва таклифларга бой, қизғин руҳда ўтади.

Барчангизга тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, бахту саодат ва улкан ютуқлар тилайман.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech