Куни кеча kun.uz сайтида, бугун бошқа бир қатор сайтларда ҳам Қўқон давлат педагогика институти ётоқхонасининг талаба қизлари яшовчи хонасига яширин камера ўрнатилганлиги тўғрисида хабар эълон қилинди. Унга кўра, ётоқҳона коменданти “Wi-Fi” сигнали йўқолиб қолаётгани сабабли уни кучайтирувчи мослама ўрнатилиши лозимлигини айтиб, институт ётоқхонасининг талаба қизлари яшовчи хонасига мослама ўрнаттирган.
Қизлар мосламадан шубҳаланиб уни ечиб олишган ва мутахассисларга кўрсатишганида бу яширин камера эканлиги, унинг 128 ГБ хотираси борлиги ва ёзиб олинган маълумотларни онлайн узатиш имкониятига эгалиги маълум бўлган. Камера хотирасига қизларнинг кийимсиз видеолари ва бошқа ҳолатлар ёзиб олинган.
Ушбу масалада қизлар Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Айни пайтда ҳолат профилактика инспектори томонидан ўрганилмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра талаба қизларнинг келтирган важлари ўз тасдиғини топса, уларнинг бир қатор ҳуқуқлари бузилган ҳисобланади.
Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номус ва шаънига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиниши мумкин эмаслиги белгиланган.
Худди шунга ўхшаш норма Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 17-моддасида ҳам назарда тутилган. Шунингдек, ҳар бир инсон бундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимоя этилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 27-моддасида: “Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас”, деб белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, шахснинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги қонун билан муҳофаза қилинади. Унинг бузилиши эса фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарликни юзага келтиради.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекснинг 100-моддасида (Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш), фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 461-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш учун – маъмурий;
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 1411-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш учун – жиноий жавобгарликни юзага келтиради.
Шунингдек, ушбу ҳолатда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳолатини ҳам кўриш мумкин. Бу, ўз навбатида, бошқа маъмурий ва жиноий жавобгарликларни юзага келтиради.
- Қўшилди: 05.04.2023
- Кўришлар: 3976
- Чоп этиш