НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАР ЯНГИЛАНАЁТГАН КОНСТИТУЦИЯ ҲИМОЯСИДА

Куни кеча “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва “Барқарор ривожланиш маркази” томонидан Брайль алифбосида чоп этилди.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларига мувофиқ, 2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун Брайль алифбосида нашр этилган.

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича давлат томонидан тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “давлатнинг эркаклар ва аёллар, оилалар ва болалар, ёшлар ва нуронийлар, ногиронлиги бор шахслар, мамлакатда ёки унинг ташқарисида бўлишидан қатъи назар, барча инсонлар ҳақида қайғуриши Конституцияда мустаҳкамланиши зарур”.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг бош мақсади – инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият деб тан олган Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи хоҳиш-иродасини рўёбга чиқаришдир. Мазкур эзгу мақсадни амалга ошириш борасида янгиланаётган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси матни тайёрланди.

Бу жараёнда, даставвал, халқимизнинг фикри, таклифлари ўрганилди. Дастлабки босқичда, жумладан, фуқароларимиздан 60 мингдан зиёд таклиф олинди. Уларнинг тахминан ҳар тўрттасидан биттаси янгиланаётган Конституция лойиҳасидан жой олди. Кейинги босқичда эса, лойиҳа умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоқлари орқали лойиҳа билан 5 миллион аҳоли танишиб, 150 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар билдирди.

Шу билан бирга, меҳнат жамоалари, олийгоҳлар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда яна қарийб 10 мингта қўшимча таклиф келиб тушди. Айни пайтда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 190 дан ортиқ давлат тажрибаси ўрганилиб, лойиҳа 6 турдаги экспертизадан ўтказилди.

Янгиланаётган Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.

Бинобарин, янгиланаётган Конституцияни Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ишонч билан “Бу менинг Конституциям” деб айта олади. Нега деганда, унда аҳолимиз барча қатламларининг манфаатлари акс эттирилган, таклиф ва тавсиялари инобатга олинган, бугунимиз ҳамда келажагимиз билан боғлиқ орзу-ниятлари мужассамини топган.

Энг муҳими, янгиланаётган Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган нормаларнинг ярмидан кўпи инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтириш ва механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган. Жумладан, лойиҳанинг 57-моддасига мувофиқ, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.

Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.

Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди.

Шу билан бир қаторда, янгиланаётган Конституциянинг 70-моддасида Ўзбекистон Республикасида касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар ташкилотлари, фахрийлар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ҳамда фуқароларнинг бошқа бирлашмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади, деб белгиланмоқда.

Янгиланаётган Конституциянинг 115-моддасида эса Вазирлар Маҳкамаси: “аҳолини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлайди”, деб қайд этилган.

Маълумки, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – им­конияти чекланган шахсларга янгиланаётган Конституцияда назарда тутилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларни таъминлаш ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 1 миллионга яқин ногиронлиги бўлган шахс, жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган бола истиқомат қилмоқда. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлишидан қатъи назар инсонни, шу жумладан, ногиронлиги борлиги туфайли камситмаслик принципи ётади.

Ўзбекистон томонидан 2021 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилинди. Мамлакатда ногиронларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган.

Миллий парламентимиз 2020 йилда янги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Мамлакатамизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, мазкур қонун билан бир қаторда, “Таълим тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунлар, Меҳнат кодекси, Сайлов кодекси каби қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Бундай мустаҳкам қонуний база мазкур тоифа вакилларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, малакали тиббий хизматлардан фойдаланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариши, мухтасар айтганда, ўзларини жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этишлари учун янада қулай шароитлар яратиш имконини бермоқда. Зеро, ногиронлиги бўлган фуқаролар – жамиятимизнинг узвий ва ажралмас қисмидир.

Ўз навбатида, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасининг Брайль алифбосида чоп этилгани ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва амалга оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Акмал САИДОВ,

Конституциявий комиссия раиси,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси

Meningkonstitutsiyam

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech