Мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият саналади. Шу боис “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасида ҳам инсон қадри, унинг ҳуқуқи ҳар жабҳада дахлсиз бўлиши қатъий белгилаб қўйилмоқда. Шунинг учун ҳам таълим олиш инсоннинг фундаментал ҳуқуқларидан биридир. Мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топиши йўлида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Буни юртимизда 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилгани ҳам яққол тасдиқлайди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси 51-моддасида фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли экани кўрсатилган. Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқот ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга экани белгиланмоқда. Яъни, ҳар ким давлат таълим ташкилотида танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақли. Давлат истеъдодли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттиришини кафолатлайди. Давлатга қарашли, хусусий ва бошқа шаклдаги таълим муассасалари ҳамда ташкилотларини ривожлантириш учун давлат тенг шарт-шароит яратади. Илм оламан, билим оламан, деган ҳар бир инсонга кенг имконият яратиб берилмоқда. Бундан самарали фойдаланиш ҳар кимнинг ўз қўлида.
Конституция лойиҳасининг 52-моддасида Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитиш асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилади, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши учун ғамхўрлик қилади.
Педагог ходимларни мажбурий меҳнат ва турли жамоатчилик ишига жалб қилиш ҳолатига чек қўйилгани, таълим муассасаларида қоғозбозликка барҳам берилаётгани бугун ижобий натижа бермоқда. Олис ҳудудлардаги мактабларда дарс бериш учун жалб этилган юқори тоифали ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилгани бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди. Замон билан ҳамқадам жонкуяр, зиёли ўқитувчилар кўпайсин. Фақат малакали педагоглар ёрдамида биз таълимни ривожлантирамиз, буюк давлат қура оламиз.
Президент Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистоннинг мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб шаклланиши зарур. Бу эзгу мақсадга эришиш учун мактабларнинг ўқув дастури, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича бошлаган ишларимизни албатта мантиқий якунига етказамиз” дея таъкидлаган.
Бугунги кунда барча давлатларда инсон ҳуқуқи бўйича сифатли таълимни амалга ошириш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бунда инсон ҳуқуқи бўйича таълим жамиятда инсон ҳуқуқи маданиятини ривожлантиришнинг самарали стратегияси сифатида эътироф этилаётгани эътиборга лойиқ.
Янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар туфайли иқтидорли ёшлар ўзлари ҳоҳлаган таълим турини танлаши, ўзлари қизиқан соҳада ишлаши мумкин. Шунингдек, фуқароларга давлат ва жамият бошқарувининг барча босқичларида фаол иштирок этиш, ҳар бир қабул қилинаётган муҳим ҳужжат ижросида ўз овозига эга бўлиш имконияти ҳам яратиб берилмоқда. Умуман, Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда ўзгартирилаётган Конституция қабул қилиниши ҳар биримизнинг эртанги кунимиз кафолатидир.
Дилноза Раҳимова,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали таҳририяти мутахассиси
- Қўшилди: 06.04.2023
- Кўришлар: 5092
- Чоп этиш