Хабарингиз бор, мамлакатимиз муҳим тарихий воқеа олдида турибди. Жорий йил 30 апрелда Конституциясига ўзгариш ва қўшимча киритилиши муносабати билан референдум ўтказилади. Аҳамиятлиси, бу тарихий жараёнга чет элликлар ҳам эътиборсиз эмас.
Ҳамди Абулайнайн, Миср тўқимачилик жамияти раиси, Қолубия вилояти Савдо-саноат палатаси раҳбари ўринбосари:
– Президент Шавкат Мирзиёев томонидан узоқни кўзлаб олиб борилаётган кўп қиррали ва изчил сиёсат республикани ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган. Бу мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун асосий қонунга ўзгариш ва қўшимча киритиш давр талабига айланди. Ўзбекистонда кечаётган жараённинг доимий кузатувчиси сифатида айтишим мумкинки, янги конституцияни ишлаб чиқишдан олдин мутахассислар дунё тажрибасини ўрганиш баробарида халқ таклифларини инобатга олишга ҳам урғу беришди. Лойиҳа халқ муҳокамасидан ўтганидан кейингина янги моддалар бўйича референдум санаси белгиланганини ҳам олқишлаш лозим.
Жараёнда, энг аввало, инсон ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш, мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришга жиддий эътибор берилган.
Янгиланажак Конституцияда барча соҳаларни ривожлантириш қатъий белгиланди. Миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, қулай инвестиция муҳити яратишга алоҳида урғу берилди. Парламентни ривожлантириш масаласи ҳам муҳим ўрин эгаллади, чунки бу институт халқнинг хоҳиш-иродасини ифодалайди.
Ховари, Туркий давлатлар ташкилотининг Будапештдаги ваколатхонаси раҳбари:
– Ҳар бир мамлакатнинг асосий ҳужжати ҳисобланган Конституция мазмуни, қоидаси муайян давлатнинг миллий анъаналарига асосланади. Шу билан бирга айни ҳужжат давр ўтиши билан янгиланиши, янги замон талабига мослашиши шарт.
Инсониятга хавф солаётган глобал инқироз, жумладан, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш, ташқаридан келаётган таҳдид ва хавф-хатарларга қарши туриш талаб этилаётган бир шароитда Ўзбекистонда конституциявий ислоҳот масаласи илгари сурилиши ўта долзарб ва ўринли. Зеро, айни жараён бугунги кунда содир бўлаётган воқеликларга жавоб тариқасид, мамлакатда демократияни, демократик қадриятларни янада мустаҳкамлаш, аҳоли учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойили асосида муносиб турмуш шароити яратиб беришни мақсад қилган.
Ацуши Огихара, Япониянинг етакчи Васэда университети декани ўринбосари, профессор:
– Таълим – давлат ва жамият равнақ топиши, барқарорликка эришишида жуда муҳим омил ҳисобланади. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг таълим, илм-фан, тадқиқотларга давлат даражасида эътибор қаратилиши натижасида Япония нисбатан қисқа муддатда барча соҳаларда дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан жой олишга муваффақ бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассасалари фаолиятини эркинлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Шу нуқтаи назардан “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасидаги 52-модда алоҳида эътиборга молик.
Янгиланаётган Конституциянинг 52-моддаси ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсишига ғамхўрлик қилишни кафолатлайдиган меъёр ҳисобланади.
Қомусга ўқитувчилар билан боғлиқ модда киритилаётгани жамиятда ушбу касб эгаларига нисбатан йиллар давомида шаклланган муносабатни ижобий томонга ўзгартириш йўлида ташланган дадил қадам, деб ҳисоблайман.
Ўзбекистонда ўқитувчилар обрўсини ошириш, уларни рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биринчи навбатда ўқитувчилар мажбурий меҳнат – пахта терими, ободонлаштириш ишларига жалб қилинмайдиган бўлди. Буни кучли сиёсий ирода ҳосиласи, дейиш мумкин.
Бундай ўзгаришлар ўқитувчилар малакасини ошириш, ўз устида ишлаш, таълим беришнинг янги усулларини ишлаб чиқиш учун қулай шароит яратадиган тизимни йўлга қўйишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
ЎзА
- Қўшилди: 06.04.2023
- Кўришлар: 4118
- Чоп этиш