ЯНГИЛАНАЁТГАН КОНСТИТУЦИЯ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ

Янгиланаётган Конституция лойиҳасида биринчи маротаба ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланмоқда. Бу муҳим янгилик фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.

Яқинда юртдошларимиз референдумда овоз берадиган ушбу Асосий қонун матнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари шу каби бир қатор илғор нормалар билан кучайтирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, бир томондан, сўнгги йилларда айни соҳада эришган ютуқларимизни Конституцияда муҳрлаб қўйиш бўлса, иккинчи томондан, бугунги ва эртанги авлодлар олдида турган кўпдан-кўп муаммоларнинг оқилона ва одилона ечими сифатида мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни – Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституциясини тақдим этишдир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан шу мавзуда суҳбатлашдик.

– Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада конституциявий-ҳуқуқий, қонунчилик, институционал ва амалий кафолатларни мустаҳкамлаш йўлидаги туб янгиланиш ислоҳотлари изчил давом эттирилмоқда, – деди А.Саидов. – Бу фикримизни 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида инсон қадри устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашда “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойилига асосланган истиқболдаги устувор мақсадлар ва асосий вазифалар белгилаб берилгани яққол тасдиқлайди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, янгиланаётган Конституция лойиҳасида Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгиланмоқда. Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинмоқда. Бинобарин, инсон ҳуқуқларига оид конституциявий нормалар сони 3 баравардан ортиққа ошмоқда.

– Инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқларни Конституцияда муҳрлаб қўйиш, деган тушунчани ҳаётий мисолларда мухтасар изоҳлаб берсангиз?

– Бу ҳақда фикр юритганда, хусусан, 2022 йилда Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқи, болалар ҳуқуқи, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи, мигрантлар ҳуқуқи, одам савдоси жабрдийдалари ҳуқуқи, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётганлар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг норматив-ҳуқуқий асослари ва механизмлари кучайтирилганини алоҳида қайд этиш ўринли, деб ўйлайман. Яна бир муҳим ютуқ: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”даги вазифаларнинг 85 фоизи бажарилди.

Миллий стратегияда 33 та қонун ҳужжати лойиҳаларини ишлаб чиқиш, 8 та халқаро шартномани ратификация қилиш назарда тутилган. Сўнгги икки йилда – 14 та қонун, Президентнинг 12 та фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 4 та қарори қабул қилинди ҳамда 3 та халқаро шартнома ратификация қилинди.

Ўтган йил давомида халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя тизимини такомиллаштириш бўйича бераётган тавсияларининг бажарилиши доимий эътиборимиз марказида бўлди. Бу ўринда 2022 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 3 та миллий маърузаси БМТ шартномавий қўмиталарида эшитилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Яъни, биринчидан, 2022 йил 15-16 февраль кунлари БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси бажарилиши бўйича Ўзбекистоннинг Олтинчи миллий маърузаси; иккинчидан, 2022 йил 22-24 февраль кунлари Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни бажариш бўйича Учинчи миллий маъруза; учинчидан, 2022 йил 31 август – 1 сентябрь кунлари Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилиши бўйича Бешинчи миллий маъруза эшитилди.

БМТ тегишли Қўмиталарининг даврий маърузаларимиз бўйича тавсияларини амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракатлар режалари лойиҳалари ишлаб чиқилди. Бу ҳужжатлар Парламент палаталари Кенгашларининг 2022 йил 19 декабрдаги Қўшма қарори билан тасдиқланди ва ижрога қаратилди.

БМТ Қўмиталарининг тавсиялари хусусида батафсилроқ тўхталиш, яъни амалий мисоллар келтириш мумкинми?

Биринчидан, БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитаси Ўзбекистоннинг Олтинчи миллий маърузаси юзасидан бир қатор тавсиялар берди. Жумладан:

  • хотин-қизларни давлат ва хусусий соҳаларда камситишнинг бевосита ва билвосита, шунингдек, аралаш шаклларига қарши қонун ҳужжатларини қабул қилиш;
  • хотин-қизлар иштироки пастроқ бўлган барча соҳаларда, давлат ва хусусий секторда, этник озчилик гуруҳларга мансуб ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилиб, гендер тенгликка эришиш стратегияси сифатида вақтинчалик махсус чораларни қабул қилиш ва амалга ошириш;
  • қонун ҳужжатларига оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, жабрланганларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиши зарурлиги тўғрисида хабардорликни ошириш ишларини фаоллаштириш;
  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш хизматини, жумладан, туну-кун ишлайдиган “ишонч телефонлари”, яшаш жойи, тиббий хизмат, руҳий ижтимоий маслаҳат ва иқтисодий ёрдам орқали кучайтириш тавсия қилинди.

Иккинчидан, БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитаси томонидан Учинчи миллий маърузамизга тавсиялар берилди. Хусусан:

  • фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари хусусий компаниялар томонидан бузилганлиги учун қонуний жавобгарликка тортиш чораларини кўриш, жабрланувчиларни тегишли ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлик, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланишини таъминлаш чораларини кўриш, барча даражадаги инклюзив таълимни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтириш ҳамда ўқитувчи ва педагогларнинг тегишли тайёргарлигини таъминлаш;
  • квоталар тизимини мустаҳкамлаш ҳамда аёлларнинг, айниқса, ҳудудларда раҳбарлик ва қарор қабул қилиш билан боғлиқ лавозимларни эгаллаши даражасининг етарли эмаслиги муаммосини ҳал қилиш чораларини кўриш;
  • қишлоқ ҳудудларидаги ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли гуруҳларининг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш тавсия қилинганини қайд этиш лозим.

Учинчидан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Бешинчи миллий маърузамизга ўз тавсияларини тақдим этди. Бу ўринда, жумладан:

  • чекка ҳудудлар ва иқтисодий ночор оилаларни интернет билан таъминлаш жараёнига алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, болалар, ўқитувчилар ва оилаларнинг рақамли саводхонлиги ва кўникмаларини ошириш;
  • озиқ-овқат хавфсизлиги, сув таъминоти ва санитария масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда атроф-муҳитнинг бузилиши ва иқлим ўзгаришининг болалар саломатлиги ва ривожланишига таъсирини юмшатиш, бу йўналишдаги дастурларга эътиборни кучайтириш;
  • назоратсиз болалар тўғрисида маълумотлар йиғишни йўлга қўйиш, уларни ҳимоя қилиш, соғломлаштириш ва уларга ёрдам беришни таъминлаш, одам савдоси, иқтисодий ва жинсий эксплуатация қурбони бўлишининг олдини олиш механизмларини кучайтиришга оид тавсиялар ҳақида сўз бормоқда.

Бундан ташқари, Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Миллий маъруза 30 та давлат органи ҳамда 10 дан ортиқ фуқаролик жамияти институти иштирокида тайёрланди. Унинг матни Вазирлар Маҳкамаси билан келишилиб, Парламент комиссиясида муҳокама қилинди ҳамда 2022 йил октябрда БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш қўмитасига юборилди.

– Миллий марказнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мониторинг билан боғлиқ фаолияти натижалари ҳақида қандай маълумотлар бера оласиз?

– Ўтган йилда жойларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар бажарилишини ўрганиш мақсадида 4 та халқаро ва миллий қонунчилики мониторинги ўтказилди. Аввало, 2022 йил май ойида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилиши ҳолати мониторинг қилинганига тўхталмоқчиман.

Мониторинг натижасида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ бир қатор муаммолар аниқланди. Яъни:

  • ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларни моддий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари йўлга қўйилмаган;
  • ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш тизими самарали ишламаяпти;
  • олий таълим муассасалари ва мактаблар бинолари ногиронлиги бўлган шахслар мустақил ҳаракатланиши учун қулай эмас;
  • таълим муассасаларида Брайл алифбосидаги дарсликлар етарли эмас;
  • метро бекатларида платформа ва вагон ўртасида катта бўшлиқ мавжуд бўлиб, 70 фоиз метро бекатларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг фойдаланиши учун шароитлар – лифт, пандус, тактил- йўлак мавжуд эмас;
  • йўловчи ташувчи автобусларнинг фақат 10 фоизга яқини ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилган;
  • метро ва автобус бекатларини қуриш бўйича лойиҳа ҳужжатлари қулай жисмоний муҳитни яратиш бўйича ногиронлар жамоат ташкилотлари томонидан экспертизадан ўтказилмаган.

Мониторинг натижасида аниқланган ана шу муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, дастлабки Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Қўшма қарори билан тасдиқланди.

Янада муҳими, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 февралдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мазкур мониторинг натижасида ишлаб чиқилган таклифлар ҳисобга олинди. Яъни, ушбу ҳужжатда ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тиббий, юридик ва бошқа хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва шарт-шароитларини яхшилаш назарда тутилди.

Ўз навбатида, жорий йил 28 июлда БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Ногиронлар ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция қоидалари бажарилиши юзасидан Ўзбекистоннинг Биринчи миллий маърузасини топшириш режалаштирилган.

Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция асосида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ижроси мониторинги тафсилотлари қандай?

– Бу борадаги ўрганишлар  2022 йил октябрида Тошкент ва Фарғона вилоятида амалга оширилди. Мониторинг якунлари бўйича мазкур вилоятларда айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Жумладан, мутасадди кадрларнинг малакасини ошириш, фуқароларнинг хабардорлигини ошириш юзасидан тегишли чоралар кўрилмаган. Тошкент вилоятида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилмаган, жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш чора-тадбирлари самараси паст. Фарғона вилоятида ваколатли органлар ва ташкилотлар ўртасида хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор ахборот алмашиниш тизими йўлга қўйилмаган.

Ана шу камчиликларни бартараф этишга қаратилган хулоса, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, 2022 йил 31 октябрда Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Мазкур хулосалар Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция бажарилиши бўйича Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишда ҳам ҳисобга олинди.

– Миллий марказ жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга яратилган шарт-шароитларни ҳам ўрганаяптими?

– Ўтган йил апрель ойида Тошкент вилоятида ва октябрь ойида Навоий вилоятида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга яратилган шарт-шароитларни ўрганиш бўйича мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Шу аснода қуйидаги камчиликлар аниқланди:

  • 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган маҳкумларнинг айримларида жазони ўташига тўсқинлик қиладиган доимий даволанишга муҳтож касалликлар мавжуд бўлиб, мазкур касалликлар “Маҳкумларни касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилишга тақдим этиш учун асос бўладиган касалликлар рўйхати”га киритилмаган;
  • даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш ходимлари, айниқса, олий маълумотли шифокорлар етарли эмас, уларга тўланадиган маош миқдори ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ходимларга нисбатан кам;
  • муассасалардаги даволаш пунктларининг моддий-техника базаси лозим даражада эмас, масалан, рентген, УЗИ аппаратлари мавжуд эмас, шунингдек, улар ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилмаган;
  • муассасалардаги ишлаб чиқариш бинолари, цехлардаги дастгоҳлар жисмонан ва маънавий эскирган, уларни янгилаш керак;
  • Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базасидан – “lex.uz”, шунингдек, “advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталидан фойдаланган ҳолда маҳкумларга керакли ҳуқуқий ахборотни тақдим этиш имкониятини яратиш лозим.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва ташкилотларга тавсиялар киритилди. Мониторинг хулосалари асосида Жиноят ижроия кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, “Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар учун давлат хизматлари, шу жумладан нотариат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси бўйича таклифлар тегишли тартибда тақдим қилинди.

– Мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоясига нечоғлик эътибор қаратилмоқда?

– Хорижий мамлакатларда Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, меҳнат мигрантлари ҳуқуқларининг ҳимоя қилинганлиги ҳолатини ўрганиш мақсадида бир қанча мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Хусусан, 2022 йил 14 май куни Туркияга шундай ташриф доирасида Миллий марказ ва Омбудсман вакиллари ҳамда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули иштирокида ушбу мамлакатда яшаётган фуқароларимиз учун қабул ташкил этилди.

Айни шу мулоқот давомида 30 дан ортиқ фуқаро билан оффлайн, 60 дан зиёд юртдошимиз билан онлайн мулоқот уюштирилди ва улардан 36 та мурожаат қабул қилинди. Мурожаатларнинг 12 таси – ҳужжатларни тиклаш, 8 таси – фарзандларини мактабга жойлаштириш, 16 таси – доимий рўйхатдан ўтишга кўмаклашиш тўғрисида бўлиб, мурожаат қилганларга бевосита Консулхона вакиллари билан бирга юридик ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, 2022 йил 31 октябрь – 2 ноябрь кунлари Миллий марказ, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат делегация Қозоғистонга мониторинг ташрифини амалга оширди. Бу жараёнда меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳукуматлараро битимнинг бажарилиши таҳлил қилинжи.

Мониторинг ташрифи давомида Қозоғистоннинг Астана, Алмата ва Усть-Коменогрск шаҳарларида меҳнат мигрантлари сифатида фаолият кўрсатаётган 130 нафар Ўзбекистон фуқароси билан Ташқи миграция агентлигининг мазкур шаҳарлардаги ходимлари иштирокида учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда 20 тага яқин мурожаат қабул қилиниб, 9 нафар фуқарога ҳужжатларини тиклаш, 7 нафарига доимий рўйхатдан ўтказиш бўйича юридик маслаҳатлар берилди.

– Халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўнлишидаги ишлар қандай натижалар бермоқда?

– Ўтган йили инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш доирасида 95 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, 58 та қонун, Президентнинг 10 та фармони ва 5 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 20 та қарори лойиҳалари инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилган. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича жами 230 дан ортиқ таклиф билдирилган.

Халқаро мажбуриятлардан келиб чиқиб, қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш ҳуқуқий тартиби мустаҳкамланди. Бунда 2022 йил 29 март куни қабул қилинган  “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни муҳим аҳамият касб этди.

Ушбу Қонунда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд томонидан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида фуқарога етказилган зарар мансабдор шахснинг айбидан қатъи назар давлат томонидан тўла ҳажмда қопланиши белгиланди.

Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ва Қийноққа қарши қўмитаси тавсияларига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Қонун лойиҳаси қийноқ ҳолатларини олдини олишнинг амалдаги механизмларини такомиллаштириш ва янги механизмларни жорий этишга қаратилган.

Шу асосда Жиноят-ижроия кодексини “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизми” деб номланган 41-боб билан тўлдириш кўзда тутилмоқда. Мазкур бобда миллий превентив механизм иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мониторинг ташрифлари якунлари бўйича тавсиялар тақдим этиш тартиби ва бошқа масалалар ўз аксини топган. Қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

– Халқаро ҳамкорлик алоқалари тўғрисида ҳам қисқача тўхталсангиз.

– Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида билдирган таклифига мувофиқ, 2022 йил 14 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция бир овоздан маъқулланди.

Резолюцияда COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликни таъминлашда парламентларнинг муҳим ўрни қайд этилган. Жумладан, хотин-қизларнинг қонун чиқарувчи органлар ишида ҳамда парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокига кўмаклашиш орқали Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришга эътибор қаратилган.

Шунингдек, 2022 йил 4 октябрда бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 51-сессиясида “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат 41 та давлат, шу жумладан, Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган.

 Резолюцияда ёшларнинг ўз мамлакатлари ривожланишидаги иштирокини кенгайтириш, улар учун тенг имкониятлар яратишга алоҳида урғу берилгани жуда муҳим. Бундан ташқари, ёшларни рақамли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, ёшлар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича ташаббусларни илгари суриш, ёшларнинг ўз ҳаёт тарзига таъсир ўтказадиган қарорларни қабул қилишда қатнашиши каби масалалар ҳам айни ҳужжатда ўз ифодасини топди.

Миллий марказ ташаббуси билан Туркий давлатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ва омбудсманлари ассоциацияси таъсис этилди. Туркиянинг Бурса шаҳрида 2022 йил 12 май куни Миллий марказ ва Ўзбекистон Омбудсмани иштирокида Ассоциациянинг меморандуми имзоланди.

Ўтган йили шунга ўхшаш яна 5 та Меморандум имзоланди. Бу ўринда Саудия Арабистонининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси, Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти, Италия омбудсманлари кенгаши ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил комиссияси билан халқаро ҳамкорлик муносабатлари доирасида тузилган ҳужжатларни назарда тутаяпман.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш йўлида қандай амалий қадамлар қўйилмоқда?

– БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 мартдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилди.

Президентимизнинг БМТ Бош Aссамблеяси 76-сессияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган ташаббуси асосида 2022 йил 5–6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми ташкил этилди. Глобал форумда 120 дан ортиқ халқаро эксперт ва 2 мингдан зиёд миллий мутахассислар иштирок этди.

Глобал форумда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш бўйича фикр алмашилди ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Глобал форумнинг якунлари бўйича Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича Самарқанд ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат куни кеча БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш ҳамда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ва унинг “Йўл харитаси” тасдиқланди. Дастурда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни такомиллиштиришга тизимли ёндашилиб, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантиришга қаратилган 7 йўналишдаги 30 банддан иборат тадбир назарда тутилган.

Шу асосда жорий йил 20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасида мамлакатмизнинг барча ҳудудларида 500 га яқин турли тадбирлар амалга оширилди, инсон ҳуқуқларига оид давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар, конференциялар ўтказилди. Масалан, биргина 20 февраль куни ўтказилган “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусидаги видеоконференцияда 2 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.

– Конституциявий ислоҳотларда Миллий марказнинг иштироки амалда нималарда намоён бўлди?

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ўзининг ҳал қилувчи палласига кирди. Шу муносабат билан бўлажак референдум мавзуси кенг жамоатчилигимиз ва халқаро ҳамжамиятнинг диққат эътиборида бўлиб турибди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, янгиланаётган Конституция лойиҳасига Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга мувофиқ ўз хулосасини ишлаб чиқди. Шунингдек, аёллар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар, нуронийлар, мигрантлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тақдим қилинди.

Мазкур хулоса ва тавсияларни шакллантириш мақсадида халқаро ташкилотлар ва экспертлар, фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида Миллий марказ томонидан 10 дан ортиқ халқаро форум ва маслаҳатлашувлар ўтказилди. Лойиҳа юзасидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг шарҳ ва тавсиялари ҳисобга олинди.

Миллий марказ тавсияларида БМТ Устави, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, БМТнинг Халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт нормалари ва бошқа халқаро стандартларни янгиланаётган Конституция матнига киритиш ҳақида сўз боради. Бундай ёндашувимизда инсон ҳуқуқларига тааллуқли жаҳон андозаларига конституциявий мақом берилишига эътибор қаратилди.

Шу йўсинда ўлим жазоси тақиқланиши, “Хабеас корпус” институти, айбсизлик презумпцияси принципи, “Миранда қоидалари”, эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш, мамлакатдан ташқарига чиқиш ва унга қайтиш ҳуқуқи каби қатор инсон ҳуқуқ ва эркинликларга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилди. Эътиборли томони шундаки, янги Конституция лойиҳасида айни шу халқаро стандартлар тўлиқ акс этган.

Хулоса қилиб айтганда, референдумда овоз бериладиган янгиланаётган Конституциямиз лойиҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланяпти. Бу ўта муҳим мезон, Ўзбекистон Президенти уқтирганидек, “давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади”.

 

Ғулом МИРЗО суҳбатлашди

“Куч – адолатда” газетаси 2023 йил 7 апрель №17-18

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

ҚМПТИ 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech