Бугун бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида зўравонлик билан боғлиқ рўй бераётган ҳолатлар эътибор марказида бўлди. Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг зўрланиши ва ўлдирилиши, Хоразмдаги болалар уйи, Сергели туманида она 3 нафар фарзанди билан бирга юқори қаватдан сакраши ва бошқа ҳолатлар бўйича Сенат Раиси ва бир неча сенатор муносабат билдирди.
2020 йилда 156, 2021 йилда 243 та номусга тегиш жинояти содир қилингани ушбу йўналишдаги қонунларни такомиллаштириш заруратини кўрсатган.
Бунинг натижаси ўлароқ ишлаб чиқилган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни сенаторлар бир овоздан маъқуллади. Қонунда аёллар, қизларни таҳқирлаганлик, уларга зўравонлик қилганлик учун жазо чоралари кучайтирилди.
– Қонунларнинг қатъийлашаётгани, жавобгарликнинг кучайтирилаётгани яхши, лекин бу жамиятимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, вояга етмаганларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш учун зарур бўлган охирги восита эмас, – дейди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Бу нормалар одамларнинг тафаккури ва хотираси билан бирга юрагидан ҳам жой олиши, бунинг учун бутун жамият фаол бўлиши керак. Дунёқараш ўзгариши зарур. Катта-кичик, аёл-эркак бўлсин – инсонга, шахсга нисбатан зўравонлик қилиш, уни таҳқирлаш, ҳақ-ҳуқуқини поймол қилиш асло тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолат, оғир жиноят эканлиги одамларнинг онгига чуқур ўрнашсагина натижа кутилганидек бўлади. Бу энди биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки таълим-тарбияга масъул тузилмаларнинггина иши эмас, балки барчамизнинг вазифамизга айланиши зарур.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 07.04.2023
- Кўришлар: 3865
- Чоп этиш