2 мингга яқин хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида ишлаяпти

Қонун лойиҳасига шарҳ

Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларни фақат уй-рўзғор юмушлари билан эмас, балки жамият ҳаётида фаол иштирок этишига, юрт ривожига ўз ҳиссасини қўшишига шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Статистик маълумотларга кўра, ушбу йўналишдаги ислоҳотлар натижаси ўлароқ, ҳозирги вақтда юртимизда фидокорона меҳнат қилаётган аёлларимизнинг улуши тиббиётда 77 фоизни, таълим соҳасида 74 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида эса 46 фоизни ташкил этмоқда. Агар 2017 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан 47 фоизга, тадбиркорликда 21 фоиздан 37 фоизга етди. Билимли, ташаббускор ва фаол аёлларимиздан 2 мингга яқини давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 25 фоизи хотин-қизлардан иборат.  

Янги таҳрирдаги Бош қомусимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркаклар билан тенг шароитда фаолият кўрсатишларини таъминлашга қаратилган норма мустаҳкамланмоқда.  

– Янгиланаётган Конституциямизнинг 58-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги, давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши мустаҳкамлаб қўйилмоқда, –  дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова. – Албатта, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги амалдаги Конституциямизда ҳам мавжуд эди. Эндиликда ушбу норма янада кенгайтирилиб, жамият ва давлат ишларини бошқаришда, турли соҳалардаги фаолиятда гендер тенглик масаласи белгилаб қўйилмоқда.  

Дарҳақиқат, хотин қизлар нафақат уй бекаси ва бола тарбияси билан машғул бўлиши, балки жамият ҳаётида ҳам тўлақонли фаолият олиб бориб, эркаклар билан тенг шароитда ишлаши, ўзини кўрсатиши мумкин. Битта аёлни илмли қилиш бутун жамиятни илмли қилиш билан баробар. Шу боис юртимизда хотин-қизларнинг сифатли таълим олишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Агар бундан 6 йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирда бу рақам қарийб 5 баробар кўпайиб, 500 минг нафарни ташкил этмоқда. Яъни, олий таълим олаётган талабалар орасида қизларимизнинг улуши 50 фоизга етди. Албатта, хотин-қизларни ўқитиш, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, давлат ва жамият ҳаётида эркаклар билан тенг шароитлар яратиб бериш уларнинг давлатимиз ривожи, оилаларимиз мустаҳкамлигидаги ўрнини таъминлайди. Энг муҳими, ўқимишли аёллар қўлида тарбия топаётган ёш авлод етук бўлиб камолга етади, ўзига ишонч билан улғаяди, – дейди депутат.  

Дарҳақиқат, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар уларнинг давлат ишлари ва жамият ҳаётидаги иштирокини оширмоқда. Эндиликда Конституциявий қонун лойиҳасида акс этаётган норма билан гендер тенглик янада мустаҳкамланади, давлат хотин-қизлар ва эркакларга ҳам давлат бошқарувида, ҳам жамият ҳаётининг барча соҳаларида тенг шароитлар яратилишини таъминлайди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech