ШҲТ давлатларида сўнгги 30 йил ичида 10 мартагача конституциявий ислоҳот амалга оширилган

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгариш ва қўшимча киритиш бўйича таклифлар шакллантириш, чора-тадбирлар амалга оширишга қаратилган “Барқарор ривожланиш мақсади ва Конституция: ШҲТ мамлакатлари тажрибаси” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди. Mаълум қилинишича, охирги 30 йил мобайнида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти таркибидаги барча мамлакатлар конституциялари 2 мартадан 10 мартагача ўзгартирилган.

Анжуманда мамлакатимиз бош қомусини янгилаш асносида халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш, ўрганиш асосида ўндан зиёд фундаментал тадқиқот амалга оширилгани, бу жараёнда “Конституции государств-участников ШОС”, “Конституции мира”, “Конституционная реформа: опит стран мира” асарлари нашр этилгани таъкидланди. Қонун лойиҳаси ва умуман, конституциявий ислоҳот бўйича хулоса, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилгани айтилди.

АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Польша, Россия, Саудия Арабистони, Швейцария, Япония, Ҳиндистонда конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳияти, ҳужжатга киритилаётган ўзгаришларга бағишланган 60 дан зиёд халқаро тадбир ўтказилгани айтиб ўтилди.

Экспертлар томонидан конституциявий тараққиёт Шанхай ҳамкорлик ташкилоти маконида маълум бир умумийлик касб этиши, минтақа мамлакатлари конституциялари ривожланиб бориш хусусияти билан ажралиб туриши хусусида фикр билдирилди. Тузилмага аъзо давлатларнинг конституциявий ва миллий ўзига хослигини мустаҳкамлаш мақсадида сўнгги 30 йил ичида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти таркибидаги барча мамлакатлар конституциялари 2 мартадан 10 мартагача ўзгартирилганига урғу берилди.
ШҲТ давлатлари намунавий демократияга хос конституцион тузумнинг умумий асоси бўлмиш халқ ҳокимияти, республика бошқарув шакли, давлатнинг ижтимоий ва дунёвий табиати, инсон ҳуқуқи ва эркинлиги устуворлиги, ҳокимият бўлиниши, мулкчилик шакли хилма-хиллиги ва тенглиги, ҳудудий яхлитлик каби хусусиятларга эга эканлиги эътироф қилинди.

Б.Худойбердиев, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech