Маълумки, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилади.
Мазкур сиёсий жараён бугунги кунда нафақат юртдошларимизнинг, балки жаҳон ҳамжамиятининг ҳам диққат марказида эканлигини алоҳида таъкидлашимиз зарур. Халқимиздан келиб тушган таклифлар асосида тайёрланган Конституциявий қонун лойиҳаси Янги Ўзбекистонни қуриш, мамлакатимизда инсон қадрини янада юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Таькидлаш лозим, Конституциямиздаги моддалар 128 тадан 155 тага кўпайди ва унга турли йўналишларда ўзгартиришлар киритилиб, инсон эрки, қадр-қиммати асос қилиб олинди. Чунки, инсон эркин бўлиб, бу дунёга келар экан, демак эркин яшаши лозим. Ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати бўлиши, давлат ва жамият эса бунга шароит яратиб бериши керак.
Янгиланаётган Конституцияда айбсизлик презумцияси, уй-жой дахлсизлиги, қонунда чекланмаган ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиш эркинлиги, ишсизликдан ҳимояланиш каби нормалар киритилмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳасида таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти ҳам кенгайтирилиб, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлиши янги нормалар билан мустаҳкамланмоқда. Масалан, олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиниши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги қоидалар ёш авлод ҳаётини яхшилаш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, замонавий мутахассисликларни эгаллаган ҳолда ҳаётда ўз ўрнини топиши ва шахсий ривожланиши учун кенг имконият яратади.
Янгиланаётган Конституциямизда халқимизнинг 60%дан ортиғини ташкил қилувчи ёшларга берилаётган эътиборни алоҳида таъкидлашимиз зарур. Ёшларнинг таълим олиши, уй-жойли бўлиши, тиббий ва ижтимоий ҳимояси, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш давлатнинг конституциявий мажбурияти экани белгиланмоқда. Қувонарлиси, Бош қомусимизда ёшлар учун алоҳида боб ажратилган.
Мазкур бобда давлатнинг мажбурияти сифатида ёшларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш учун шароитлар яратиш бўлса, ота-оналарнинг мажбурияти сифатида эса фарзандлари вояга етгунига қадар нафақат боқиш, тарбиялаш, балки уларнинг таълим олиши, соғлом ва ҳар томонлама камол топиши учун ғамхўрлик қилиши белгиланмоқда. Бу эса ўз навбатида ёш авлод ҳаётини яхшилаш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун имконият яратади.
Бундан ташқари, мазкур конституциявий қонун лойиҳасида инсон ҳуқуқ, эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда. Инсон ҳамда давлат органлари ўртасида юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун муносиб, етарли бўлиши кераклилиги қайд этилган. Албатта, ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширилишида масъулиятини шакллантиради.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, болалар, ёшлар ҳуқуқларига оид масалаларга бағишланган кафолатларнинг кучайтирилганлиги ҳам давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини оширишда замин яратади.
Давлат ҳокимиятини ташкил этиш асослари, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият тармоқларининг мақоми, ўзаро муносабатлари тубдан такомиллашади. Давлат ҳокимиятининг олий органлари ўртасидаги баланс, мувозанат кучайтирилмоқда.
Халқимизнинг, эксперт ва мутахассисларнинг таклифлари, халқаро, хорижий давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда тайёрланган Конституциявий қонун лойиҳаси халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши табиий.
Севара Ишмуратова
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
Умумий бўлим бошлиғи
ИСТЕЪМОЛ МАДАНИЯТИ газетаси 2023 йил 30 март 4 -сон
Қадрият газетаси 2023 йил 8 апрель 7- сон
- Қўшилди: 10.04.2023
- Кўришлар: 4859
- Чоп этиш