Жиззахда конституциявий ислоҳотлар ва бўлажак референдум тарғиботи

Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов номли ахборот кутубхона марказида сўнгра “ННТлар уйи”нинг анжуманлар залида Ўзбекистон Республикасининг “Конституцияси тўғрисида”ги янгиланаётган қонун лойиҳаси ва Референдумга оид тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, депутатлар, вилоятда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар раҳбарлари, Жиззахдаги олий ва ўрта махсус таълим муассалари ўқувчи, талаба ва ёшлари, профессор-ўқитувчилари, Миллий гвардия вилоят бошқармаси хизматчилари, Жиззах шаҳридаги ННТлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.  

Тадбир Конституциявий қонун лойиҳаси ва референдум ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий ва Барқарор ривожланиш марказлари, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ушбу тарғибот тадбиридан кўзланган асосий мақсади – кенг жамоатчиликни мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ва бўлажак референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар ижроси билан яқиндан таништиришдан иборат.  

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доценти, катта илмий ходими Муроджон Турғунов, шу институт Фуқаролик-ҳуқуқий ва халқаро ҳуқуқ фанлари ҳамда халқаро ташкилотлар бўлим бошлиғи юридик фанлари доктори, профессор Миродил Баротов, мазкур институтнинг Маъмурий-ҳуқуқий жиноий-ҳуқуқий фанлар бўлими бошлиғи техника фанлари доценти, профессор Аҳрор Худойбердиев ва бошқалар янгиланаётган Конституция лойиҳаси ва Референдумга тайёргарлик хусусидаги маърузалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.  

Нотиқлар томонидан, бугунги Конституциямиз ва қонунларимиз талабига кўра сўз, ахборот, эътиқод, фикр ва ғоялар эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли ҳисобланиши алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “...фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир”.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари роли ва аҳамиятини тубдан ошириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, 200 дан ортиқ акт, Ўзбекистон Республикасининг 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг изчиллик билан амалга оширилаётганлигига ҳам алоҳида уруғ берилди.

Учрашув давомида иштирокчиларга охирги беш йил давомида нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 22 фоизга ошгани, жумладан, республика бўйича 200 га яқин йирик ННТ фаолиятини бошлагани, ушбу фуқаролик жамияти институтлари инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларига доир маданиятни шакллантириш, барқарор ривожланишнинг энг муҳим вазифалари ижросида муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этиб ўтилди.

Учрашув мобайнида соҳа вакиллари томонидан янги таҳрирдаги Конституцияга киритилиши назарда тутилган нормалар бўйича ҳам маълумот берилди. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 15-моддасида Давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритадилар. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади, дея қайд этилган бўлса, 56-моддасида, Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади, деб таъкидланган.  

ХIII-бобнинг номи “Жамоат бирлашмалари”дан “Фуқаролик жамияти институтлари”га ўзгартирилиб ва бу Конституциямизнинг мазкур бобидаги субъектлар доираси кенгайтирилаётганлигидан далолат беради.

Ушбу ҳужжатда, илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига таъриф берилиб, “Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади. Фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти қонунга мувофиқ амалга оширилади” (69-модда)деб алоҳида урғу берилгани қайд этилди.

Шунингдек, Конституция давлат ОАВлар фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлашини назарда тутувчи янги нормалар билан тўлдирилгани (81-модда) ҳам таҳсинга лойиқ.

Ушбу конституциявий тузатишлар киритилиши мамлакатда сўз эркинлиги, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини янада таъминлашда, ОАВ вакилларининг улар кўрсатаётган ахборот хизматлари учун масъулиятини оширишга хизмат қилади ва натижада бу жамият ва давлат ўртасидаги мулоқотни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.

Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги иштирокини таъминлаш Ҳукуматнинг энг муҳим вазифалари сифатида белгиланмоқда (115-модда).

Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 130-моддасида, Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади, дея алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Бундан ташқари, янгиланётган Конституциямизнинг 148-моддасида, Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонун билан белгиланади, деб қайт этилмоқда.  

Жиззахда ўтган тарғибот тадбирларида жорий йилнинг 30 апрель куни ўтадиган референдумда иштирок этиб ва янги таҳрирдаги Конституциямизнинг қабул қилинишини йўқлаб овоз берган ҳар бир фуқаро “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятини жадал ривожланиши учун мустаҳкам асос яратилишига ўз ҳиссасини қўшишини таъминлаши қайд этилди.

Тадбирлар ниҳоясида, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб олди.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech