Миллий марказ ишчи гуруҳи Намангандаги жазони ижро этиш муассасаларини ўрганмоқда

10 апрелда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тузилган ишчи гуруҳ Наманган вилоятида жойлашган жазони ижро этиш ҳамда шахснинг ҳаракатланиш эрки чекланган муассасаларда мониторинг ташрифини бошлади. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

Ишчи гуруҳ фуқароларни қабул қилиш жойи, колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга яратилган шарт-шароитларни ўрганди. Маҳкумларнинг яшаш жойлари, озиқ-овқат ва тиббий таъминоти, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, телефон сўзлашувлари ҳамда ногирон маҳкумлар учун яратилган имкониятлар билан танишилди.

Поп туманида жойлашган 6-сонли жазони ижро этиш колониясида ҳамда Наманган шаҳридаги махсус қабулхонада маҳкумлар ва маъмурий ҳуқуқбузарлар билан мулоқот ташкил этилди. Ўзаро суҳбат асносида янгиланаётган Конституция ва инсон ҳуқуқлари ҳамда бўлажак референдум мавзуларида сўз юритилди.

Ўз навбатида, колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан оммавий ва якка тартибда сайёр қабул ўтказилди. Бу жараёнда маҳкумларни қизиқтирган саволларга жавоблар, шунингдек, тегишли ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.

Ишчи гуруҳ маҳкумлар учун мўлжалланган кутубхона фаолияти билан ҳам танишди. Миллий марказ номидан инсон ҳуқуқларига оид китоблар кутубхонага беғараз асосда тақдим этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech