12 апрель – Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни
Ушбу халқаро сана тарихи машҳур фазогир Юрий Гагарин 1961 йил 12 апрелда “Восток” фазовий кемасида дунёда биринчи бўлиб Ер орбитаси бўйлаб парвозни амалга оширган оламшумул воқеага бориб тақалади. Зеро, ўша парвоз инсониятнинг коинотни ўрганиш тарихида янги даврни бошлаб берди.
Бу ҳақда ўтган даврда қанчадан-қанча фильмлар ишланди, китоблар чоп этилди ва мақолалар ёзилди. Ана шу кўплаб манбаларнинг негизидаги асл воқеликка бир назар солайлик: 1961 йил 12 апрель куни Москва вақти билан соат 09:07 да «Бойқўнғир» космодромидан ичида Юрий Гагарин ўтирган «Восток» фазовий кемасининг учишига старт берилади.
Парвоз муваффақиятли амалга ошади ва коинотга қўйилган илк қадам башариятнинг буюк ютуғига айланади. Чиндан ҳам, инсон зотининг ер атмосферасидан юқорига – очиқ коинотга чиқиши том маънода улкан воқелик эди. Юрий Гагариннинг ўша илк парвозидан буён қирққа яқин мамлакатнинг 400 нафардан ортиқ фазогири коинотга парвоз қилди.
Космонавтлар куни байрами 1962 йилдан бошлаб фақат собиқ СССРда нишонлаб келинган. Ушбу санани халқаро байрам куни сифатида нишонлаш ташаббуси иккинчи фазогир – Герман Титовнинг таклифи билан БМТга киритилган.
Шу тариқа даставвал 1968 йили бўлиб ўтган Халқаро авиация федерациясининг 61-Бош конференциясида 12 апрель – Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни деб эълон қилинган. Ўз навбатида, БМТ Бош Ассамблеясининг Юрий Гагарин парвози 50 йиллиги муносабати билан 2011 йил 7 апрелда қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, инсон коинотга парвоз қилган айни сана жаҳон миқёсида кенг нишонлаб келинмоқда.
БМТнинг ушбу резолюциясида, шунингдек, коинотни ўзлаштиришда бутун инсониятнинг умумий манфаатларини рўёбга чиқариш, космосни фақат тинчлик мақсадларида тадқиқ қилиш, барча давлатларнинг космик тадқиқотлардан тенг манфаат кўрилишини таъминлаш кераклиги алоҳида қайд этилган.
Юрий Гагарин ўзининг шонли парвозидан кейин, 1961 йилдан – 1968 йилгача бўлган даврда юртимизга олти марта келган ва ҳар гал катта тантаналар билан кутиб олинган. Чунки Ўзбекистоннинг Гагарин парвози, умуман, ХХ асрда коинотнинг забт этилиши билан боғлиқ кашфиёт ва натижаларда ўзига хос ҳиссаси бор.
Афсуски, бу соҳада фидокорлик кўрсатган юртдошларимизнинг хизматлари, илмий ишлари ва ихтиролари билан боғлиқ қимматли маълумотлар соҳага алоқадор музей ҳамда архивларда сақланаётганини кўпчилик ҳалигача билмайди. Аслини олганда, инсониятнинг олис тарихида фазони ўрганиш борасида улуғ аждодларимиз ҳамиша пешқадам бўлганлар.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш асносида ҳаётимизнинг бошқа барча соҳалари қатори миллий коинот инфратузилмасини яратишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу илғор соҳани ривожлантириш учун давлатлар ўртасида ва хусусий ҳамкорлар иштирокида хорижий инвесторларни жалб этишга урғу берилаётгани жуда муҳим.
Янги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз ҳудудида мавжуд бўлган Майданак расадхонаси, Суффа платоси каби фазовий фаолиятга дахлдор стратегик иншоотларнинг аҳамиятига муносиб баҳо берилаётгани таҳсинга сазовор. Янада аҳамиятлиси, халқимизнинг қоракўз фарзандлари орасида Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий каби улуғ аллома аждодларимиз каби коинот кўламлари қадар теран фикрлайдиган, сайёралар ва юлдузлар асрорини кашф этиш орзу-иштиёқи томирларида қайноқ қон каби гупириб турган баркамол авлодимиз вояга етиб келмоқда.
Шу маънода, жорий йил 25-27 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “STC-2023” космик технологиялар халқаро конференцияси ва “Youth Space Forum” анжумани бўлиб ўтиши, айниқса, диққатга моликдир. Мазкур нуфузли тадбир минтақавий ва миллий космик агентликлар, хорижлик бизнес вакиллари, шунингдек, ўзбекистонлик иқтидорли ёшларни бир майдонда жамлайди.
Бошқача айтганда, саноат етакчилари Евроосиё минтақаси иқтисодиётида космик технологиялардан фойдаланишнинг амалий имкониятини ўрганиш учун Тошкентда йиғилади. Бинобарин, жаҳон фазовий саноати жадал ўсиб, космик технологияларга йўналтирилган инвестициялар иқтисодий ва ижтимоий фаровонликда тобора муҳим ўрин тутмоқда.
Таҳлилларга кўра, глобал космик саноатнинг йиллик қиймати 400 миллиард доллардан ошган. Келгуси ўн йил ичида ушбу миқдор 1 триллион долларга етиши кутиляпти.
Мамлакатимизда ҳам бу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тажриба алмашиш, соҳа янгиликларидан хабардор бўлиш, фазо илми йўналишидаги янги ғоя, ташаббусларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон иккинчи бор халқаро коинот ҳамжамиятига мезбонлик қилаётгани бунинг яна бир амалий тасдиғидир.
Маълумки, “Space Technology Conference Central Eurasia STC 2023” бизнесга йўналтирилган тадбир бўлиб, ўтган йил ушбу форум 150 дан зиёд космик соҳа вакилларини бирлаштирган. Бу йил эса 250 нафарга яқин эксперт иштироки кўзда тутилган.
Конференция дастуридан халқаро ҳамкорлик ва сармоя, янги сунъий йўлдош технологияси, хавфсизлик, молия, саноатни тартибга солиш бўйича мавзулар ўрин олган. Тадбирга космик технологиялар саноати ривожланган Туркия, АҚШ, Жанубий Корея, Франция, Сингапур, Россия сингари давлатлар ҳомийлик қилмоқда.
Халқаро конференциянинг тўлиқ номланиши –бўлиб, унда иштирок этиш учун 12 давлатдан космик агентликлар раҳбарлари, 20 дан зиёд давлатдан ёш тадқиқотчилар ташриф буюриши кутилмоқда. Форум доирасида Марказий Осиёдаги биринчи поп-фан тадбири ҳисобланган ёшлар форуми ҳам бўлиб ўтади. Ёш авлод учун янги макон тақдим этадиган ушбу платформа, ўз навбатида, коинот илмини касб ва дунёдаги етакчи технология саноати сифатида тарғиб қилишга яқиндан ёрдам беради.
Дарвоқе, коинот ва Конституция – ушбу икки тушунчанинг ўзаро боғлиқлиги нимада? Янгиланаётган Конституциямиз матнида “коинот” сўзи учрайдими?
Лингвистик таҳлилга кўра, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида “халқ” сўзи энг кўп, яъни 70 маротаба, “давлат” сўзи – 43, “инсон” сўзи – 35 маротаба қўлланаётгани ҳолда, “коинот” сўзи бир марта ҳам қайд этилмаган. Аммо, бу ҳолат коинот ва Конституция тушунчалари ўртасида ҳеч қандай алоқадорлик йўқ, деганини англатмайди, албатта.
Коинотнинг Конституцияга алоқадорлиги ҳақида академик Акмал Саидовнинг “Ўзбекистон Конституцияси тарихи”[1] китобида бир қанча қизиқарли маълумотлар қайд этилган. Шулардан айримларига тўхталамиз.
Биринчидан, Европа Иттифоқи Конституциясининг олтин ғилофга солинган нусхаси 2005 йил апрель ойида коинотга юксалган. Ушбу Конституция “Союз ТМА-6” фазовий кемасида “Бойқўнғир” космодромидан Халқаро космик станцияга асосий экспедиция таркибида парвоз қилган Европа космик агентлигининг италиялик фазогири Роберто Виттори томонидан фазога олиб чиқилган.
Иккинчидан, Россия Конституцияси коинотда ХХ асрда 149 кун ва ХХI асрнинг ҳозирги кунларига қадар 180 кун сайр қилган. Бу Конституция фазода 2005 йилда, яъни Европа Иттифоқи Конституцияси билан бир хил вақтда парвозда бўлган.
Учинчидан, “Мир” фазовий станциясида фаолият олиб борган фазогир Сергей Авдеевнинг келгусида юридик таҳсил олишга тайёргарлик билан боғлиқ илтимосига биноан, Россия Конституцияси илк бор – 1998-1999-йилларда “Прогресс-М-41” юк ташувчи фазовий кемасида коинотга олиб чиқилган[2].
Кўриниб турибдики, Конституция инсонга – у қаерда эканидан қатъи назар – кераклидир. Айни шу жиҳати билан ҳам Конституция – шунчаки рамз эмас, балки бебаҳо тимсол.
Тўртинчидан, коинотга олиб чиқилган Конституция нафақат тимсол, балки ҳатто табаррук ёдгорликка ҳам айланиши мумкин. Бу ўринда фазогир Талгат Мусабоев икки марта – 1998 ва 2001 йилларда Қозоғистон Конституцияси ва Давлат байроғи, шунингдек, қозоқ заминидан бир қисм тупроқни ўзи билан фазога олиб чиққани ҳақида сўз бормоқда. Эндиликда фазовий станция кемасининг муҳри урилган ўша тарихий Конституция музейдан фахрли жой эгаллаган.
Бешинчидан, коинотга нафақат Конституциялар, балки муқаддас китоблар ҳам парвоз қилган. Хусусан, “Мир” орбитал мажмуаси ва Халқаро космик станцияга “Библия” ва “Қуръон” нусхалари бир неча бор олиб чиқилган[3].
Олтинчидан, америкалик астронавтлар 1969 йилнинг 20 июлида Ойга қўнганида, ушбу сайёра сатҳида АҚШ байроғини ўрнатган. Кейинги экспедициялар давомида америкаликларнинг яна бешта давлат байроғи Ой сатҳидан жой олди.
Еттинчидан, 1975 йилда “Аполлон” – “Союз” лойиҳаси синов парвозининг охирги босқичида “Союз” фазогирлари томонидан орбитага олиб чиқилган БМТ байроғи ҳар икки фазавоий кема туташганидан сўнг “Аполлон” экипажига Ер сайёрасининг тимсоли сифатида топширилган. Парвоз якунида тарихий байроқ БМТнинг ўша пайтдаги Бош котиби Курт Вальдхаймга тақдим этилган ва ҳозиргача ушбу халқаро ташкилот Бош қароргоҳида сақланмоқда[4].
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Бинобарин, коинотга парвознинг ўзи ғоятда ноёб воқеа ҳисобланади. Фазога ҳар қандай парвоз – бу парвозни амалга оширган биргина инсоннинг қилган шахсий кашфиёти ва эришган ютуғигина эмас, айни чоғда, бутун инсоният забт этган улкан маррадир.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, халқимиз бўлажак референдумда овоз берадиган янги таҳрирдаги Конституциянинг 53-моддасида шундай нормалар мустаҳкамланмоқда:
“Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади.
Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилади”.
Ушбу конституциявий нормалар юртимизда Янги Ўзбекистоннинг тараққиётига бемисл ҳисса қўшадиган, Ватанимиз донғини дунёга таратадиган, халқимизнинг ёруғ келажагини таъминлайдиган ҳар томонлама юксак истеъдодли фарзандлар, хоссатан, фозил мунажжимлар ва дониш фалакиётшунослар, моҳир авиасозлар ва жасур фазогирлар камол топиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши тайин.
Ғулом МИРЗО
[1] Саидов А.Х. Ўзбекистон Конституцияси тарихи. – Тошкент: «TASVIR», 2018.– 864 б.
[2] Юрий Батурин. Повседневная жизнь российских космонавтов. – М.: “Молодая гвардия”, 2011. – C.242.
[3] Юрий Батурин. Повседневная жизнь российских космонавтов. – М.: “Молодая гвардия”, 2011. – C.244.
[4] Юрий Батурин. Повседневная жизнь российских космонавтов. – М.: “Молодая гвардия”, 2011. – C.241.
- Қўшилди: 12.04.2023
- Кўришлар: 4416
- Чоп этиш