Конституцияга оид референдум: моҳият ва истиқболлар

13 апрель куни Навоий шаҳридаги “Дўстлик уйи”да Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан айни мавзуда давра суҳбати ўтказилди. Тадбир Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Барқарор ривожланиш маркази, Халқ депутатлари Навоий вилоят кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Офлайн ва онлайн шаклда бўлиб ўтган мулоқотда сенаторлар, халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари депутатлари, илмий ва таълим муассасалари вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, шунингдек, ҳиндистонлик халқаро экспертлар иштирок этди.

Давра суҳбатида янгиланаётган Конституциямиз лойиҳасини тарғиб қилиш муҳимлиги қайд этилди. Бу, ўз навбатида, халқимиз бўлажак референдумда овоз берадиган ана шу ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳиятидан жамоатчиликни атрофлича хабардор қилиш, ундаги инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги нормаларни фуқароларга етказишга хизмат қилади.

Иштирокчилар янги таҳрирдаги Конституци лойиҳаси халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги андозалари, шунингдек, бошқа умумэътироф этилган норма ва принципларига мувофиқлигини эътироф этдилар. Лойиҳа халқ манфаатларини ифода этадиган янги нормалар билан бойитилгани, шубҳасиз, айни Конституциянинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида улкан қадам бўлиши алоҳида таъкидланди.

Янги Конституция лойиҳаси ҳиндистонлик экспертлар томонидан ҳам юқори баҳоланди. Лойиҳадан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб нормалар ўрин олганлиги, бунда бошқа давлатларнинг илғор тажрибасидан оқилона фойдаланилгани ҳақида сўз юритилди.

Тадбир якунида Навоий вилояти кўзи ожизлар жамиятига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасининг Брайл алифбосида чоп этилган нашри топширилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech