13 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Давлат органлари объектларини қўриқлаш бўйича бошқармасининг иккинчи батальони шахсий таркиби ходимлари билан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумга бағишланган суҳбат ўтказилди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилди.
Учрашувда батальон командири С.Шодмонов бўлажак референдумнинг аҳамияти ҳақида сўзлади. Бу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир жараёнида жамоат тартибини сақлаш борасида Миллий гвардия ходимларининг тутган ўрни хусусида алоҳида тўхталди.
Ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази марказ ходими Ҳ.Холмаматов янгиланаётган Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти бўйича маъруза қилди.
Миллий марказ маъсул ходими Ҳ.Мўминов Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг асосий принциплари Ўзбекистон Конституцияси матнида ўз ифодасини топганлиги тўғрисида гапирди. Мулоқот асносида бу йил бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги доирасида турли тадбирлар ташкил этилаётганига эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари референдумда фаол қатнашишларини билдириб, бошқаларни ҳам шунга чорладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.04.2023
- Кўришлар: 4153
- Чоп этиш