Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Дунё нигоҳи Ўзбекистондаги Конституцион ислоҳотларда

Конституция халқ паспорти

Хабарингиз бор, апрель ойи охирида мамлакатда муҳим сиёсий воқеа – умумхалқ референдуми ўтказилади. Мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотлар арафасида эканмиз, хорижлик экспертларнинг айни мавзудаги фикрлари билан қизиқдик.

Польшанинг «REA» нашриёт-матбаа концерни  Президенти Витольд Буйск:

– Ўзбекистон тарихий ислоҳотлар бўсағасида турибди. Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 8 декабрь – Конституция куни муносабати билан йўллаган табригида конституциявий ислоҳотлар Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти ва мантиғи, халқнинг талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Конституциясининг 66-моддасига 170 дан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган. Муҳокамалар  давомида Конституциявий комиссияга 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди.

Конституциявий комиссия томонидан амалга оширилган ишларни алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. «Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдаги ноёб ўзбек тажрибаси» пайдо бўлди, дейиш мумкин.

Фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш бўйича давлатнинг вазифалари кўзда тутилган янги норма алоҳида эътиборга лойиқдир. Ушбу моддага кўра, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун уларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этади ва рағбатлантиради.

Конституцияда ҳеч ким суд қарорисиз ва қонунга хилоф равишда уй-жойдан маҳрум этилиши мумкин бўлмаган норма мустаҳкамланмоқда. Уй-жойидан маҳрум қилинган мулкдорга қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда унинг уй-жойи нархи ҳамда етказилган зарари олдиндан, тенг миқдорда қопланиши белгиланаяпти.

Шунингдек, солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги бўйича янги модда Бош қомусда киритилмоқда. Ушбу  нормалар дунё конституциявий амалиётига тўла мос келади.

Янгиланаётган Конституцияга лойиҳа муҳокамаларида фаол  иштирок  этган 36 миллионлик меҳнаткаш, кўп миллатли Ўзбекистон халқи катта умид боғламоқда.

Хитой Халқ Республикасидаги “Cisen Pharmaceutical” компанияси департаменти раҳбари Тан Баоцзюн:

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мамлакатингизнинг барқарор ривожланиши учун катта йўлларни  очмоқда.

Хусусан, янгиланаётган Конституцияда тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кучайтириш назарда тутилган. Бу, шубҳасиз, бозор муносабатларини янада ривожлантиради.

Янгиланажак Конституция лойиҳасида мамлакатда шаффоф рақобат учун шарт-шароит яратилиши ҳам кўзда тутилган. Бу ҳам қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашга хизмат қилади. Шу тариқа адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монополистик фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратилмоқда.

Мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг кафолатланиши иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, фаровон ҳаётнинг таянчи ҳисобланган тадбиркор ва ишбилармонларнинг эркин фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолат яратади.

Юртингизда тадбиркорлик ва инвестиция соҳаларда рўй бераётган  ижобий ўзгаришлар Хитойдаги кўплаб фармацевтика корхоналарида бўлгани каби бизнинг компаниямизда ҳам Ўзбекистонда бизнес қилишга қизиқишни оширмоқда.

Б.Худойбердиев, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech