Конституцияда инсон қадри ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш масъулияти

13 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Навоий шаҳрининг Абдулла Қодирий номидаги Ахборот-кутубхона марказида шу мавзуда давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир Фанлар академиясининг  Давлат ва ҳуқуқ институти, Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда сенаторлар, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари, илм-фан ва таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Иштирокчилар аҳолининг инсон ҳуқуқлари бўйича хабардорлиги ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш юзасидан атрофлича фикр алмашдилар. Бу борада Янги Конституция лойиҳаси мазмун-моҳияти билан жамоатчиликни яқиндан таништириш, ундаги инсон ҳуқуқларига оид нормаларнинг мазмун-моҳиятини фуқароларга етказиш масалаларига алоҳида аҳамият берилди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига берилаётган эътибор, хусусан, давлатимиз раҳбари яқинда тасдиқлаган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ҳақида сўз юритилди. Шу асосда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Миллий таълим дастури ижроси доирасида Абдулла Қодирий номидаги Ахборот-кутубхона марказида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар” бурчаги очилди. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази номидан туркум адабиётлар тақдим этилди.

Давра суҳбати қизиқарли мунозараларга бой бўлди. Иштирокчилар инсон ҳуқуқлари, янгиланаётган Конституция лойиҳаси ва бўлажак референдум бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech