Янгиланаётган Конституцияга оид референдумга ҳам саноқли кунлар қолди. Маълумки, 2023 йил 15 мартда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.
Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар бошланган дастлабки кунлардаёқ ҳамкасбларим билан бирга амалдаги Конституциянинг 29-моддаси биринчи қисмини: “Ахборотни замонавий ахборот-коммуникация воситалари орқали излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги кафолатланади”, деган мазмундаги норма билан тўлдириш юзасидан таклиф юборгандик. Айни шу модда мазмунини ўзгартиришга эътибор қаратган кўпчилик ҳамюртларимиз қатори Конституциявий қонун лойиҳасида таклифларимиз инобатга олинганини кўриб биз ҳам қувондик.
Янгиланаётган Конституцияда учта йўналишда:
биринчидан, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини кенгайтириш;
иккинчидан, оммавий ахборот воситалари эркинлигини янада мустаҳкамлаш;
учинчидан, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом тақдим этилиши тимсолида сўз эркинлиги ҳар томонлама кафолатланмоқда.
Сўз, фикр ва Интернет эркинлиги
Амалдаги Конституциянинг 29-моддасида ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эркинлиги ҳуқуқига доир нормалар мавжуд. Бу модда янгиланаётган Конституция лойиҳасининг 33-моддасида қуйидагича кенгайтирилмоқда:
“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.
Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.
Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади”.
Яъни, бир томондан, амалдаги модда шаклан кенгайган – икки бандлик матн тўрт бандга кўпайган бўлса, иккинчи томондан, ушбу конституциявий нормаларнинг мазмун-моҳиятидаги қамров кўлами тубдан ортган. Энг асосийси, янги нормалар билан ҳар бир шахснинг Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқи эътироф этилиб, мазкур ҳуқуқнинг таъминланиши учун бевосита давлатнинг ўзи шарт-шароитлар яратиши аниқ белгиланмоқда.
Бинобарин, Интернет нафақат алоқа воситаси, балки виртуал муҳитга ҳам айланиб бораётган, кўплаб тушунча ва хизматлар “реал” заминдан жадал тарзда “виртуал” ҳаётга кўчаётган бугунги давр айни шундай илғор ёндашувни тақозо этмоқда. Ҳозирги кунда Интернетни тақиқлаш ва чеклаш нафақат нотўғри, балки мантиқсиз ҳам эканини исботлаб ўтиришга ҳожат қолмади.
Нега деганда, бугун одамлар ишини, ўқишини, ҳоббиларини, турли товар ва хизматлар логистикасини, қолаверса, давлат хизматларини ҳам Интернетга кўчиряпти. Бу, ўз навбатида, Конституция ва қонунларни замонга ҳамнафас тарзда ўзгартиришни талаб қилмоқда.
Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи инсоннинг сўз эркинлиги ҳуқуқи доирасига киради. Ушбу ҳуқуқ, давлат чегараларидан қатъи назар, турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўзида қамрайди.
Шундай экан, ахборотни, жумладан Интернет орқали излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини истифода этувчи инсонлар зиммасига ҳуқуқлар билан бир қаторда мажбурият ва масъулият ҳам юкланиб, қонунга мувофиқ равишда айрим чекловлар ўрнатилиши табиий ҳолдир. Шу маънода, 33-модданинг охирги бандидаги нормалар барчамизни ижтимоий масъулиятимизни англашга, оқни қорадан, ҳақиқатни уйдирмадан, далилни бўҳтондан ажратишга даъват этади.
Ҳақиқатан ҳам, биз яшаётган ХХI асрда инсоннинг фикр ва сўз эркинлиги, ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш сингари ҳуқуқлари қандай амалга оширилиши унинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари, хусусан, Интернетдан қанчалик эркин фойдаланишига бевосита боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, бугунги “рақамлаштириш” замонида демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли очиқ жамият барпо этаётган аксарият давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам ўз Конституциясида фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига оид янги нормаларни мустаҳкамлаётгани, бир томондан, фуқароларимизнинг бу борадаги ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга ошишига хизмат қилса, иккинчи томондан, ҳар бир инсоннинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
ОАВ фаолияти эркинлигини давлат кафолатлайди
Амалдаги Конституциянинг учинчи бўлимидаги ХV боб – “Оммавий ахборот воситалари”, деб номланган ва мазкур боб битта модда, яъни 67-моддадан ташкил топган. Янгиланаётган Конституция лойиҳасида ХV бобнинг номи сақлаб қолингани ҳолда, бобдаги моддалар сони иккитага етган. Булар: 81 ва 82-моддалардир.
Хусусан, 81-модданинг биринчи қисмида амалдаги Конституциянинг 67-моддаси биринчи қисмининг дастлабки жумласи қуйидаги таҳририй ўзгартиришлар билан берилмоқда:
“Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар”.
Лойиҳанинг 81-моддаси ушбу иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда:
“Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди”.
Амалдаги Конституция 67-моддаси биринчи қисмининг иккинчи жумласи Янги Конституция лойиҳаси 81-моддасининг алоҳида учинчи қисми сифатида белгиланмоқда:
“Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир”.
Айни моддага киритилаётган қўшимчалардан мақсад оммавий ахборот воситалари учун энг қулай шарт-шароитлар яратишга, давлат ва жамият ўртасида амалий мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган конституциявий асосларни шакллантиришдир. Шунга ўхшаш нормалар Словакия, Испания, Жанубий Корея каби бир қатор мамлакатларнинг Конституцияларида мавжуд.
Ўз навбатида, янгиланаётган Конституция лойиҳасининг 82-моддасида ушбу нормалар мустаҳкамланмоқда:
“Цензурага йўл қўйилмайди.
Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”.
Цензуранинг тақиқланишига оид норма амалдаги Конституцияда ҳам бор. Айни чоғда, кейинги норма муҳим янгилик бўлиб, келгусида оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолият юритиши учун таъсирчан ҳуқуқий асос вазифасини ўташи тайин.
Матбуотда бу борада ўз муносабатларини билдирган бир қатор ҳамкасбларимиз таъбири билан айтганда, бу нормалар оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг эмин-эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлайди ҳамда жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитининг ривожланишига шароит яратади.
ОАВ – фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири
Янгиланаётган Конституция лойиҳасидаги иккита қисмдан иборат 69-модда модда янги бўлиб, у амалдаги Конституция матнида мавжуд эмас. Биринчи қисмда фуқаролик жамияти институтларининг тушунчаси ва тизими қуйидаги норма билан очиб берилмоқда:
“Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади”.
Бошқача айтганда, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом берилмоқда. Шу орқали сўз эркинлиги конституциявий асосда яна бир бор кафолатланмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамиятини қонунчилик негизида кучайтиришга изчил эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Чунки, Президентимиз қайд этганидек, оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши зарур.
Ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятига танқидий ва холис баҳо бериш, турли соҳалардаги камчиликлар, долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиқиш оммавий ахборот воситалари фаолиятида асосий мезон бўлиши керак. Шу маънода, «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»да кўзда тутилган «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун 2018 йил 12 апрелда қабул қилингани катта аҳамият касб этди.
Қонунда жамоатчилик назоратининг субъектлари, объекти, унинг асосий тамойиллари белгиланган. Жумладан, жамоатчилик назорати субъектларига фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари киритилган. Жамоатчилик назоратининг объекти эса давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқ-тартибот ва назорат идоралари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидир.
Бундан ташқари, вазирлик ва ташкилотларда жамоатчилик кенгашларини тузиш амалиёти йўлга қўйилгани, биринчи навбатда, демократик жамиятнинг муҳим шарти ва хусусиятларидан ҳисобланади. Қолаверса, ушбу институт замон талаби ҳамда ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб жорий этилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 20 январда имзоланган «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик кенгашлари тузилди. Жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган ҳамда соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат ушбу жамоатчилик кенгашларининг мақсади ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратишдир.
Энди эса янгиланаётган Конституцияда оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институти мақомида эътироф этилмоқда. Бу илғор конституциявий-ҳуқуқий асос, бир тарафдан, жамоатчилик назоратининг янада ҳаққоний, холис ва адолатли ташкил этилишига муносиб ҳисса қўшса, бошқа тарафдан, жамоатчилик назорати асносида аниқланадиган қонунбузарликлар ва камчиликларга тааллуқли маълумотларнинг асоссиз равишда панада олиб қолиниши ёки хаспўшланишига йўл қўймайди, яъни ошкорлик том маънода таъминланади.
Аслида, Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилаётгани ва улар фаолияти кафолатларининг белгиланаётгани жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди. Бу том маънода жуда муҳим янгиликлардандир.
Хулоса қилиб айтганда, янгиланаётган Конституцияда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг имконият ва кучли ҳимоя тақдим этилмоқда. Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қатъий кафолатланмоқда. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Ушбу нормалар журналистларнинг эркин фаолият юритишини таъминлайди ҳамда мамлакатимизда фикр, сўз ва ахборот эркинлиги янада юксалишига, жамиятда очиқлик ва ошкоралик, қонунийлик муҳити мустаҳкамланишига хизмат қилади. Пировардида давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотнинг янги, янада ишончли босқичга кўтарилишига, кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга ва сўз эркинлигини таъминлашга эришилади.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 14.04.2023
- Кўришлар: 5914
- Чоп этиш