Ўзбекистонда кечаётган конституциявий ислоҳотлар юқори баҳоланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидовнинг латвиялик сиёсатшунос А.Аскеров ва журналистлар А.Хотеев ва Г.Лидака билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқот аввалида меҳмонларга “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида қабул қилинган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, конституциявий ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди.

Латвия Марказий Осиё ва Яқин Шарқ сиёсий тадқиқотлар халқаро институти Президенти А.Аскеровга кўра, Ўзбекистон ҳаётида сўнгги йилларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ўз навбатида, халқаро ҳамжамият мамлакат иқтисодиёти либераллаштирилмоқда ва яқин ва қўшни давлатлар билан ўзаро ишонч мустаҳкамланмоқда.

Шу билан бирга, у Латвия Марказий Осиё ва Яқин Шарқ сиёсий тадқиқотлар халқаро институти томонидан ўрганиш ва ҳамкорлик қилиш учун Ўзбекистон Республикаси жуда истиқболли мамлакат эканлигини қайд этди. Мамлакатда жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг гувоҳи бўлаётганини, Ўзбекистоннинг минтақадаги ва умуман дунёдаги ўрни ва мавқеи сезиларли даражада мустаҳкамланаётганини билдирди.

Ўзбекистон тез суръатлар билан ривожланиб бораётган давлатлар қаторига киради. Мамлакатда қабул қилинган Тараққиёт стратегиясида иқтисодий самарадорликни кескин ошириш, барча соҳани модернизация қилиш ва эркинлаштириш қаторида хорижий инвесторлар билан самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳам эътиборга олингани латвиялик меҳмонларни қувонтирди.

“Masu Mediju Grupa” (MMG - Болтиқбўйи мамлакатларида энг йирик нашриёт уйларидан бири ҳисобланади) нашриёт компанияси Бош муҳаррири ўринбосари А.Хотеев сўнгги йилларда Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида тўхталар экан, бугун мамлакатда иккита муҳим жиҳатга гувоҳ бўлаётгани, яъни, Ўзбекистон суверен давлат, йирик иқтисодиёт сифатида янги қадамларни ташлаётгани, жадал суръатдаги ислоҳотлар муҳим натижаларга олиб келишини қайд этди.

“For Legal Content” (Ҳуқуқий контент учун) Ассоциацияси кенгаши аъзоси Гунта Лидакага кўра, Конституция бўйича бўлиб ўтган умумхалқ муҳокамаси ва келиб тушган кўп сонли таклифларнинг эътибор билан ҳисобга олиниши натижасида халқаро стандартларга, энг муҳими, ўзбек халқининг хоҳиш-иродаси ва орзу истакларига тўлиқ мос келадиган Конституциявий қонун лойиҳаси шакллантирилди.

Меҳмонларнинг фикрича, дунёдаги ҳеч бир мамлакатда сўнгги йилларда Ўзбекистондаги каби кенг кўламли ислоҳот амалга оширилмаган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли Марказий Осиё давлатлари илк бор бугунги кунда долзарб минтақавий масалаларни очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади.

Суҳбат давомида латвия томони Ўзбекистон Республикасида Конституциявий ислоҳотларнинг ўзига хос хусусиятлари, парламентнинг фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ билан ўзаро ҳамкорлигига ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни асосий йўналишларига қизиқиш билдирди.

Барча қизиқтирган масалалар юзасидан меҳмонларга батафсил маълумот берилди.

Учрашув дўстона ва конструктив рухда бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech