Миллий марказ ишчи гуруҳининг Фарғона водийсига мониторинг ташрифи якунланди

10-14 апрель кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тузилган ишчи гуруҳ Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида жойлашган жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ҳамда махсус қабулхоналарда мониторинг ташрифини амалга оширди.

Тадбир иштирокчиларининг эътибори мазкур муассасаларда сақланаётган маҳкумлар ва ушланган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияда белгиланган ҳуқуқларига риоя этилиши, уларга яратилган шарт-шароитларни ўрганишга қаратилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари муассасаларда сақланаётган шахслар билан уларга нисбатан муассаса ходимларининг муомаласи, тазйиқ ва зўравонликлар содир этилиши билан боғлиқ масалаларда оммавий ҳамда якка тартибда суҳбатлар олиб борди. Маҳкумларга жазо муддатини ўташ даврида белгиланган кун тартиби қоидаларига сўзсиз риоя қилишлари, тартиббузарлик содир этмасликлари, оилалари бағрига тез кунларда қайтишлари хусусида маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, бир неча нафар маҳкум ва ушланган шахсларнинг саволларига ҳуқуқий жиҳатдан батафсил жавоблар қайтарилди. Мониторинг ташрифи жараёнида ишлаб чиқариш цехларида шахслар меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича масъул идора вакиллари томонидан ҳам тегишли йўл-йриқлар берилди.

Ишчи гуруҳ қайд этилган муассасаларда аёллар, пенсия ёшидаги, ногиронлиги бўлган ва турли сабаблар билан меҳнатга яроқсиз бўлган шахслар билан учрашди. Уларга яратилган шарт-шароит, хусусан, тиббий хизмат кўрсатилиши аҳволи билан яқиндан танишилди, тегишли масъул ходимлар билан суҳбатлар уюштирилди.

Бундан ташқари, мониторинг ўтказилган муассасаларда хизмат ўтаётган ходимлар билан суҳбатлашилди. Қонунийликка риоя қилиш, хизмат интизомини бузмаслик, иш вазифасига виждонан ёндашиш, ҳалол ва пок ишлаш, шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бузмаслик юзасидан кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Мониторинг ташрифи якунида муассасалар маъмурияти билан келажакдаги режа, таклиф ва мулоҳазалар ҳақида мулоқот ўтказилди.

 

Отабек НОРБОЕВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech