Алматида қочоқлар масалаларига оид халқаро тадбирга тайёргарлик кўрилмоқда

Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида қочоқлар муаммоларига оид “Глобал форум-2023” доирасида 13 апрель куни бўлиб ўтган суб-минтақавий тайёргарлик давра суҳбатида Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. Мамлакатимиз делегацияси таркибида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Халқаро ҳамкорлик бўлими мутахассиси Қ.Обидов ҳам ушбу тадбирда қатнашди.

Давра суҳбати БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси томонидан ташкил этилди. Унда қочоқлар муаммоларини ҳал этиш йўналишида бажарилган ишлар таҳлил этилди ва янги мажбуриятлар бўйича кўрсатмалар муҳокама қилинди.

БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича вакили Ханс Фридрих Шоддер мулоқотни очиб берди. Жумладан, у фуқаросизликни камайтириш ҳамда қочоқларни бошпана билан таъминлаш соҳасида улкан саъй-ҳаракатларни амалга ошираётган Марказий Осиё мамлакатларини халқаро ҳамжамият доимо қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Тайёргарлик тадбирида Марказий осиё давлатлари, хусусан, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг тегишли давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доира вакиллари қочоқлар масалалари бўйича ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, қочоқлар масалалари бўйича “Глобал форум-2023” доирасида кўриб чиқилиши тахмин қилинаётган янги мажбуриятлар ва имкониятларни аниқлаш юзасидан маслаҳатлашдилар. 

Тадбир иширокчилари 2019 йилда биринчи маротаба бўлиб ўтган қочоқлар масалалари бўйича Глобал Форумда давлатлар томонидан қабул қилинган мажбуриятларни амалга ошириш доирасида бажарилган ишларни муҳокама қилдилар. Қайд этилишича, давлатлар томонидан қочоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид жами 1 минг 685 та мажбурият қабул қилинган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 25 фоизи амалга оширилган.

Хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари томонидан қабул қилинган 131 та мажбуриятнинг 63 фоизи муваффаққиятли бажарилган. Бу кўрсаткич минтақа учун ижобий натижа эканлиги алоҳида таъкидланди.

Маълумот учун: “Глобал Форум – 2023” қочоқлар масалаларига бағишланган энг йирик халқаро тадбирнинг иккинчиси ҳисобланиб, биринчи тадбир 2019 йилда ўтказилган. Мазкур Форум 2018 йилда имзоланган қочоқлар бўйича асосий глобал шартноманинг амалга ошириш механизми сифатида ташкил этилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech