Яқинда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими томонидан Наманган вилоятининг Уйчи ҳамда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманларида аҳоли билан учрашувлар ўтказилди. Ушбу мулоқотлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунийликка риоя этилиши мавзусига бағишланди.
Учрашувлар Миллий марказнинг жорий йил биринчи ярмига мўлжалланган иш режаси доирасида ташкил этилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарори билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисида”ги Низом талабларидан келиб чиқилди.
Хусусан, Уйчи ва Ўзбекистон туманларининг 3-секторида 70 нафарга яқин фуқаро билан бевосита мулоқотлар бўлиб ўтди. Учрашувларда мазкур туманларнинг ички ишлар, адлия, соғлиқни сақлаш, оила ва хотин-қизлар бўлимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, “Мадад” ННТ ва бошқа ташкилотлар масъул ходимлари иштирок этди.
Учрашувларда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликнинг мазмун-моҳияти, айни қонунлар ижросини таъминлаш ва назорат қилишга масъул идораларнинг вазифалари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг фаолияти юзасидан атрофлича маълумот тақдим этилди.
Мулоқотлардан сўнг фуқаролар билан сайёр қабуллар ташкил этилди. Бунда ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича мурожаат қилган фуқароларга зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Фуқаролар аҳоли вакиллари билан ташкил этилаётган бундай юзма-юз учрашув ва сайёр қабуллар фойдали эканини эътироф этдилар. Шунинг баробарида, юртдошларимиз янгиланаётган Конституциянинг қабул қилинишига бефарқ эмасликларини, бўлажак референдумда фаол иштирок этишларини билдирдилар.
Отабек Норбоев,
Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 18.04.2023
- Кўришлар: 4135
- Чоп этиш