2023 йил 17 апрель куни адлия вазири Акбар Ташкулов ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида А.Ташкулов хорижий томонини ҳуқуқий соҳада сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва келгусидаги режалар билан таништирди. Жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар фаолиятини ташкил қилишни самарали таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиб келаётгани тўғрисида гапириб берди.
Шунингдек, янгиланаётган Конституциямизда инсон ҳуқуқлари борасида киритилаётган бир қатор янгиликлар борасида меҳмонларни таништирди. Хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазосини тақиқланиши, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақлилиги, маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиши, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланаётганлиги ва бошқа инсон ҳуқуқларига оид киритилаётган янги нормаларни таъкидлаб ўтди.
Томонлар адлия ва ҳуқуқ соҳаларида ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари ўртасида Европа Иттифоқи кўмагида ҳуқуқий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Ўз ўрнида Т.Хакала Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ижобий ва самарали ишларга юқори баҳо берди ҳамда вазирлик томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда Европа Иттифоқи кўмакдош бўлишига тайёрлигини билдирди.
Учрашув дўстона руҳда ўтди.
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги
- Қўшилди: 19.04.2023
- Кўришлар: 4138
- Чоп этиш