2023 йил 18 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала ва Европа иттифоқининг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Имон Гилмор билан учрашди.
Мулоқот аввалида делегация аъзоларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳамда Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида сўзлаб берилди.
Янгиланаётган Конституцияда аҳолининг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда парламент аъзоларидан ташқари кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлар ва илмий доира вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этгани таъкидланди.
Европа иттифоқининг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили И.Гилмор сўнгги йилларда Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритаркан, жумладан, болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги ютуқларини юқори баҳолаб, янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган нормалар акс эттирилаётганини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, конституциявий ислоҳотларда аҳолига энг асосий эътибор берилгани, диққат марказида инсон тургани, аҳолининг кундалик турмуши ва эҳтиёжлари инобатга олинганини олқишлади.
Айниқса, ўлим жазоси тақиқланишини конституциявий даражада белгиланаётганини юқори баҳолади. Делегация аъзоларининг фикрича, ушбу норма билан давлатимиз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканлигини бутун дунёга намоён қилади.
Учрашув давомида меҳмонлар мамлакатимизда гендер тенгликни, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳам батафсил таништирилди. Ўз навбатида, делегация аъзолари мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.
Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилинар экан, сўнгги йилларда Европа иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар кенгайиб, сиёсий соҳадаги мулоқотлар фаоллашганини алоҳида қайд этилди. Шунингдек, келгусида инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида урғу берилди.
Мулоқот якунида томонлар ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни ҳар томонлама давом эттиришга келишиб олдилар.
- Қўшилди: 19.04.2023
- Кўришлар: 4157
- Чоп этиш