Куни кеча устозимиз, таниқли ўзбек олими, ҳуқуқшунос, таржимашунос, академик Акмал Саидов ўзларининг янги нашр этилган “ДАНТЕ: РЕНЕССАНСЛАР ЧОРРАҲАСИДА” номли китобларини устозимиз Хайрулла Ҳамидов орқали Тошкент давлат шарқшунослик университетининг “Таржимашунослик ва халқаро журналистика” кафедрасига улуғ байрам арафасида туҳфа қилдилар.
Ушбу китобда академик Акмал Саидов Данте Алигйери қаламига мансуб “Илоҳий комедия” асарининг “Дўзах” қисмини тўлиғича ва “Аъроф” қисмидан 9 та қўшиқни маҳорат билан ўзбек тилига қойилмақом қилиб ўгирган буюк шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳақида сўз юритиб, бу буюк шоир ва таржимоннинг “ўзбек китобхони ва, умуман, маданият ва санъатимиз учун Ғарб адабиётининг ўзига хос кашшофи” бўлиб қолишини таъкидлайдилар.
“Академнашр” нашриётида чоп этилган ва таржимашунослик соҳасида яратилган фундаментал тадқиқот саналган ушбу китоб бўлажак таржимонлар ва ёш тадқиқотчиларимиз учун муҳим қўлланма бўлади, деб умид қиламиз.
Хабарингиз бор, 2022 йил 11 декабрь куни куниверситетимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистон таржимашунослари форуми – 2022” Халқаро илмий конференциясида иштирок этган устоз, академик Акмал Саидов ва таниқли ижодкор, шоир Ғулом Мирзо томонидан кафедрамизга устоз Ғайбулла Ас-Салом таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб нашр этилган “Салламно истиқлол” ва “Ғайбулла Ас-Салом” номли китоблар совға қилинган эди.
“Таржимашунослик ва халқаро журналистика кафедраси”нинг расмий телеграм канали
- Қўшилди: 19.04.2023
- Кўришлар: 3948
- Чоп этиш