Европа Иттифоқи вакиллари кўҳна Бухорони зиёрат қилди

19 апрель куни Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Имон Гилмор ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Бухорога сафар қилди. Мўътабар меҳмонлар қадимий шаҳримиз зиёратидан мамнун бўлдилар.

И.Гилмор ва Т.Хакала, хусусан, Сомонийлар мақбараси, Арк қўрғони, Абдуллахон мадрасаси, “Пойи Калон”, “Тоқи саррофон”, “Тоқи телпакфурушон”, “Лаби ҳовуз” ҳамда “Нодир Девонбеги” мажмуалари билан яқиндан танишдилар.

  • Ватаним Ирландия билан ватанингиз Ўзбекистон ўртасида, оралиқдаги олис масофадан қатъи назар, ажиб бир ўхшашлик кўрдим, хусусан, тарихий тараққиёт йўлларимизнинг яқинлигига гувоҳ бўлдим, – деди Имон Гилмор. – Кўҳна Бухоро кўчаларида кезар эканман, ўзимни худди Ўрта асрлар замони ва маконига келиб қолгандек ҳис қилдим. Менинг юртимда ибодатхоналар қанча кўп бўлса, бу ерда шунча кўп мадрасаларга дуч келдим.

Узоқ тарихда Ирландия ибодатхоналари таълим ўчоқлари вазифасини ўтаган бўлиб, уларда таҳсил олган аждодларимиз кейинчалик бутун Европа бўйлаб лотин маданияти ва насронийликни тарғиб этишган. Ўз навбатида, Ўзбекистон заминида ислом цивилизацияси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган улуғ алломалар етишиб чиққани ҳақида менга сўзлаб беришди.

Ўзбекистоннинг бой маданият ва турфа анъаналарни ўзида мужассам этган ноёб тарихи борлигига амин бўлдим. Тарихий мерос ва азалий қадриятларни келажак авлодлар учун асраб-авайлаб сақлашга бўлган эътибор алоҳида диққатимни тортди.

Мўътабар меҳмонлар Бухоро шаҳридаги яҳудийлар синагогасини ҳам бориб кўрдилар. Европа Иттифоқи вакилларини мусулмонларнинг масжиду мадрасалари жойлашган шаҳар марказида синагога ҳам эмин-эркин фаолият юритаётгани хурсанд қилди.

 Имон Гилморнинг эътироф этишича, турли диний конфессияларнинг ёнма-ён тинч-осуда фаолият юритишининг бу тахлит кўп асрлик ибратли амалиёти ҳар қанча таҳсинга лойиқдир. Сайёҳларнинг кўплиги, ўз навбатида, Ўзбекистон том маънодаги сайёҳлик марказига айланаётганидан далолат беради.

Терхи Хакала эса ўзбекона меҳмондўстликдан беҳад ҳайратланганини яшириб ўтирмади. Унинг таъкидлашича, ғаройиб маданий дастурлар, Ўзбекистон турли минтақаларининг ўзига хос хусусиятларини очиб берадиган қизиқарли концертлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили меҳмондўстлик учун Ўзбекистон раҳбариятига ўз миннатдорлигини изҳор этди. Айниқса, Бухоро шаҳрининг бой тарихидан ҳайрату ҳавасда эканини таъкидлади.

Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили ҳам Бухоро зиёрати, маҳобатли ҳамда муҳташам меъморий обидалар кўрку тароватидан қувонч ва ҳайрати ортганини қайд этди. Ўзбек таомлари жуда маъқул бўлганини, келгусида Самарқанд ва Хива шаҳарларини ҳам зиёрат қилиш ниятида эканини билдирди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech