Ўтган асрда технологик имкониятларимиз бугунгидек даражада кенг эмасди. Бунга оддий мисоллар кўп: айтайлик, 20–30 йил олдин бизга “Бориб-бориб машиналар электр энергияси билан юради”, дейишса эртакка ўхшарди. Агар кимдир “Кўрасизлар, кун келиб одамлар сунъий қанот боғлаб учади”, деса кулгига қоларди. Ёки ўзимизни олайлик. Келажакни башорат қилувчи экспертлар ҳаммани бир жойга йиғиб, “XXI асрнинг биринчи чораги якунига бориб дунёда “Янги Ўзбекистон” атамаси пайдо бўлади, халқ дарду ташвишлари, муаммоларини тинглайдиган катта сиёсий тизим иш бошлайди, оддий фуқаролар гапиради, уларни ҳокимлар, ҳатто Президент эшитади”, деса, очиғи, ишонмасдик. Қарангки, ўтган асрда тасаввурга сиғмас орзу-ўйлар бугун кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ҳайратларнинг ҳам чегараси бўлар экан. Нимага бундай деяпмиз? Чунки бугун бир олим-ихтирочи келиб, “Яқин йилларда учар поездларни яратамиз. Улар ўзга сайёраларга қатнай бошлайди”, деса ишонамиз, асло ҳайратланмаймиз. Камига “Бўлар экан-ку”, деб қўшиб ҳам қўямиз.
Лекин тириклик дунёсида ҳадсиз, ўзгармас ва қиёссиз бир толе бор. Бу – ҳаётда яшаш завқи, муносиб яшаш бахти. Ҳадсиз, дедик, чунки – Аллоҳ инъом этган ҳаёт қадри бу ёруғ олам узра бирдек англашилади ва унинг фалсафаси чегара билмайди. Ўзгармаслигининг боиси завқ ва бахт тушунчалари ҳамиша ёнма-ён юриб, моҳиятан бутун дунё халқлари учун бирдек тушунарли етуклик ҳосиласи эканида намоён бўлади. Беқиёслиги шундаки, дунёга келишнинг ўзи буюк бахт ва унинг қадрига етиб, ҳаётда инсон, деган рутбага муносиб яшаб ўтиш толеини ҳеч бир неъмат билан тенглаштириб бўлмайди, назаримизда.
Биз ўзгараётган дунёда муносиб яшаш бахти ва унинг завқи ҳақида бежиз гап бошламадик. Дийдаси, зуваласи ўтган асрда қотган одам авлодларига ҳайратлар улашишдан толмаётган бугунги замонимизда мамлакатларни, тақдири елкадош давлатлар жойлашган қитъаларни икки турли тақдир қуршаб турибди. Бири – сиёсий зиддиятли муносабатларга тўла алғов-далғов ҳаёт. Иккинчиси – ўз ҳудудида тинчликни сақлаб туришга куч топаётган ва дунёга ҳам яхшиликни соғинувчи мамлакатлардаги жозибадор муҳит.
Шукрки, биз – Янги Ўзбекистон аҳли бугун иккинчи тақдирга эгалик қилмоқдамиз. Эгалик ҳисси ҳамиша халқ кўксини кўтариб туради. Жамиятда янгиланишлар ва ўзгаришларга туртки беради, одамлар онгу тафаккурида эврилишлар ҳодисасини пайдо қилади.
Бу табиий содир бўладиган, ўз-ўзидан эришиладиган натижа эмас, албатта. Унинг замирида кучли сиёсий интилишлар, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий юксалишлар фалсафаси ётади. Гап шу ҳақда борар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бир гапини қайта-қайта ёдга олишдан руҳланамиз. Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида шундай ёзади: “Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.
Биз бу йўлда ислоҳотларимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган жамиятимиз аъзоларининг бор билим ва салоҳияти, куч ва имкониятларини, бутун азму шижоатимизни ишга солишимиз зарур. Шундагина Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади”.
Мақоламиз аввалида дунёда “Янги Ўзбекистон” атамаси пайдо бўлгани-ю мамлакатимизда халқ дарду ташвишлари, муаммоларини тинглайдиган катта сиёсий тизим бошлангани ҳақида айтдик. Бунинг асл моҳияти, залворли фалсафаси Президентимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги шу орзу-ниятлари, мақсаду муддаоси, ҳаётий ғоясида ўз аксини топади.
Биз шунча гапни нега айнан бугун айтяпмиз? Боиси шундаки, бугун мамлакатимиз янги давр остонасида турибди. Яъни, ўттиз йилдан зиёд вақт мобайнида мустақил Ўзбекистон давлатимизнинг ҳуқуқий асосини таъминлаб келган, бугунги фаровон ҳаётимиз учун мустаҳкам омил бўлган Конституциямизни янги давр руҳига монанд янги таҳрирда қабул қилиш арафасидамиз.
Мавзуга киришишдан олдан бу тарихий жараённинг биз англаган учта муҳим асосини айтиб ўтсак.
Биринчиси – миллий стратегик ривожланишимизнинг иккинчи босқичида кўзда тутилган халқчил ислоҳотларни ҳаётга кенг татбиқ этиш ва улар самарадорлигини таъминлаш эҳтиёжи.
Иккинчиси – халқимиз манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш сиёсатини конституциявий мустаҳкамлаш мақсади.
Учинчиси – ўзгараётган дунёда ички ва ташқи сиёсат принципларини замонавий нигоҳ нуқтаи назаридан ҳаёт руҳига мослаштириш.
Албатта, конституциявий ислоҳотларга яна бир қанча сабаблар ва эҳтиёжларни санаш мумкин. Лекин, барчасининг замирида ягона мақсад мужассам топганини айтиш кифоя. Бу – халқ ҳаётини яхшилаш йўлида барча жабҳадаги ислоҳотлар негизида турган ҳуқуқий асосларнинг тўғридан тўғри ва Конституция даражасида татбиқ этилишини таъминлаш мақсади.
Шу ўринда Конституциямизнинг янги таҳриридан ўрин олган алоҳида жиҳатлар ҳақида сўз юритсак. Янги таҳрирдаги Конституциямиз “Халқ Конституцияси”, дея баҳоланмоқда. Бу шунчаки таъриф эмас. Унинг замирида бир қатор муҳим ҳаётий мезонлар турибди. Аввало, миллий стратегик ривожланишимиз асоси сифатида қаралаётган бу ҳужжат бевосита халқимиз таклифлари асосида шакллантирилди. Қарийб икки йилга яқин вақт давомида такомилига етказилган янги лойиҳага оддий фуқаролардан келиб тушган минглаб таклифларнинг ҳеч бири эътиборсиз қолмади. Уларнинг ҳар бири юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ва, энг муҳими, бу таклифларнинг ҳар тўрттадан биттаси инобатга олинди. Шу маънода, янги таҳрирдаги Бош қонунимизни ҳақиқий маънода “Халқ Конституцияси” дейишга тўлақонли асосларга эгамиз.
Яна бир муҳим жиҳат – амалдаги Конституциямизда мавжуд 128 модда 155 тага кўпайди. Бу шунчаки кўпайди, дегани эмас. Таъбир жоиз бўлса, қарийб ҳар бир модда халқ ҳокимиятчилигини мустаҳкамлаш, ижтимоий давлат тамойилларини кучайтириш руҳи билан йўғрилган ҳаётбахш нормалар билан бойитилди. Бу шуни англатадики, эндиликда юртдошларимиз фақатгина Конституция асосида кўп муаммоларига ечим топиши мумкин бўлади. Янги таҳрирдаги Конституциямизда бу фикримизга мисоллар кўп. Уларнинг айримларини келтирамиз.
Биринчи мисол: 20-моддага кўра, “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”. Сир эмаски, шу пайтгача фуқаролар ва давлат ташкилотлари ўртасида бирор-бир зиддиятли, баҳсли муаммо юзага келганида, масала судлашишгача етиб борганида, иш давлат манфаатлари нуқтаи назаридан ҳал қилинар, яъни тарози палласи у томонга босар эди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда эса бу борадаги масалаларда инсон манфаатлари бош мезон бўлиши кўзда тутилмоқда.
Иккинчи мисол: 23-модда “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас. Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади”, деган норма билан бойитилган. Тўғри, амалдаги Конституциямизда ҳам “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”, дейилган. Аммо бу норманинг ҳаётдаги ифодасини кўрмаган эдик. Шу боис, чет элда турли сабаблар билан бўлиб турган ҳимояга муҳтож фуқароларимиз ўзини ёлғиз, ватан ҳимоясидан айро ҳис этиб келди. Бу, айниқса, меҳнат мигрантларимизни қийнаб келар эди. Янги таҳрирнинг муҳим жиҳати шундаки, эндиликда давлат хориждаги ўз фуқароларига, ватандошларимизга халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик кўрсатади. Яъни, бу борада халқаро тан олинган нормалар асосида иш кўрилади. Бу дегани, мазкур норманинг ишлаши халқаро миқёсда ҳам эътироф этилишига сабаб бўлади ва Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда нуфузи ошишига хизмат қилади.
Учинчи мисол: 27-моддага асосан “Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас”. Очиғини айтиш керак, “фалончини олиб кетишибди, қамаб қўйибди, нима айб иш қилган экан?” қабилидаги гаплар тез-тез қулоққа чалиниб турар эди. Бундай ҳолларда гумонланувчи ҳам, унинг яқин қариндошлари ҳам чорасиз қолган. Энди, ўзингиз англаганингиздек, бу каби инсон қадри топталадиган амалиётга конституциявий даражада чек қўйилмоқда.
Тўртинчи мисол: 28-моддада эса “Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас”лиги белгиланмоқда. Мана бу ўзгаришни, чин маънода, инқилобий, дейиш мумкин. Боиси, Янги Ўзбекистонда халқчил ислоҳотлар бошлангунига қадар судланган, қамалган ёки қамалиб чиққан фуқароларнинг фарзандлари “қора тамға” билан юрар, нафақат уларнинг фарзандлари, балки яқин қариндошлари ҳам бирон тузукроқ давлат ишига жойлашиши катта савол остида қолар эди. Айниқса, ҳуқуқ-тартибот органларида ишлашга болалигидан ҳаваси бўлган йигит-қиз ота ёки онасининг билиб-билмай қилган хатоси туфайли бир умрга шу орзусидан мосуво бўлишга мажбур эди. Ўзингиз айтингчи, шу адолатдан эдими?!
Бешинчи мисол: 42-моддага “Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади”, деган янги норма киритилган. Бу ҳам азиз опа-сингилларимизни, кўплаб ёш оилаларни узоқ йиллар ўйлантириб келган, керак бўлса, ҳаётий режаларини ўзгартириб юбораётган катта муаммолардан бири эди. Тасаввур қилинг – сиз ёш оиласиз. Эр-хотин олдида мақсадлар кўп: ижарадаги уйдан чиқиб, шахсий уйи бўлишини орзу қилади, бундан ташқари, машина олгиси, дам олиш кунлари саёҳатга чиққиси келади. Чунки одамзот борки, орзу-ҳавасли бўлади ва бу ҳам яшаш ҳуқуқи каби инсоннинг табиий ҳуқуқлари сирасига киради.
Бунинг учун эса эр-хотин биргаликда меҳнат қилиши, шунга яраша муносиб ойлик олиши керакми? Керак. Шундай мақсаду олий ниятлар билан турган ёш келинчакни “сен ҳомиладор экансан” ёки “буни ишга олсак, эртага туғруқ таътилига чиқиши бор, ортиқча даҳмаза”, дея “тўғри тушунтириб” юборган ташкилот масъуллари қанча бўлган?! Янги таҳрирдаги Конституциямизда ана шу адолатсиз амалиётга ҳам барҳам берилмоқда.
Олтинчи мисол: 44-модда шундай: “Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади. Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади”. Бу билан халқимизни узоқ йиллар эзиб келган, қанчадан-қанча дарду ситамларга сабаб бўлган армонларимизга барҳам беряпмиз. Ахир ота-она учун фарзанди пахта далаларида кимёмий моддалар таъсирида фалаж бўлаётганини кўриб туриб, чора тополмасликдан бошқа фожиали тақдир борми бу дунёда?
Еттинчи мисол: 47-моддада “Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади”, деган норма мустаҳкамланмоқда. Бошқасини қўя туринг, ҳозир “Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга”лиги ҳақида гаплашайлик. Бу ерда “Ижтимоий давлат” мақоми ўз сўзини айтади. Яъни, шу пайтга қадар бизнинг давлат ўз фуқаролари уй-жойли бўлишини кафолатламаган. Энди эса, ижтимоий давлатчилик фонида ҳар бир фуқаро бу ҳуқуққа эгалиги белгиланмоқда. Демак, Янги Ўзбекистон стратегиясида кўзланган мақсадларимиз ва аҳолини уй билан таъминлаш сиёсати бундан кейин ҳам бардавом бўлади ва у конституциявий даражада мустаҳкамланмоқда.
Саккизинчи мисол: 52-моддада “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, дея қатъий белгиланмоқда.
Шу кунларда телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқалаётган тарғибот лавҳасини кўрмаган юртдошимиз қолмагандир. Бу – “Балогардонова ва Ура Баракаллаевич” ўртасидаги ижтимоий-сиёсий муносабат. Ўқитувчини мажбурий меҳнатга жалб қилганимиз оқибатида ким ютди? Энг аянчли фожиани кўрингки, мажбурлаганлар ҳам, мажбур бўлганлар ҳам ютқазди, миллат ютқазди, Ватаннинг бугун ва келажаги ютқазди.
Янги Ўзбекистон жамиятида амалдаги бу даҳшатли тақдирни ўзгартирганимизга ҳам бир неча йил бўлди. Энди эса шу тизимни янада мустаҳкамлаш, уни ҳеч қачон ортга қайтармаслик учун Конституция даражасида белгилаб қўймоқдамиз.
Тўққизинчи мисол: 67-модда билан “Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади”, деган иқтисодий истиқболли асослар яратилмоқда. Сингапур қандай қилиб дунёнинг ривожланган шаҳар давлатига айланди? Қандай қилиб Учинчи дунёдан Биринчи дунёга ўтди? Албатта бунинг асослари кўп. Улардан бири ҳақида Сингапурнинг буюк тараққиёти асосчиси Ли Куан Ю ўз хотираларида айтади: “Америкага 1967 йил октябрда биринчи марта расмий ташриф билан борганимда Чикагодаги бизнес-нонуштага тўпланган тахминан 50 нафар ишбилармонга Сингапур қандай қилиб 1819 йили 120 нафар балиқчи яшайдиган қишлоқдан икки миллионли аҳолиси бор шаҳарга айлангани ҳақида гапириб бергандим. Бунинг сабаби “Бошқаларга нисбатан арзон ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш. Арзон ҳамда сифатли хизматлар кўрсатиш ёки ҳалок бўлиш” деган шиоримиз эди.
Бу фактни нима учун келтирдик? Гап шундаки, мамлакатимизда янги иқтисодий макон бўлди. Унинг асосларига тўхталадиган бўлсак, айтиш жоизки, биринчидан, эркин конвертация назариясини амалда қўлладик, ўзимизнинг ва чет эллик ишбилармонлар учун эркин иқтисодий сиёсатни йўлга қўйдик, сиқувга олувчи миллий қонунчилигимизни жозибадор тадбиркорлик руҳи билан суғордик.
Пировардида, бугун биз танлаган иқтисодий юксалиш йўли ўз натижасини бера бошлади. Хусусан, янги турдаги товарлар ишлаб чиқариш кўлами кенгайди, экспорт ҳажми ошди, мамлакатга келувчи инвесторлар сони кўпайиб, минг-минглаб янги иш ўринлари пайдо бўлишига замин яратилди. Энди эса бу борадаги ислоҳотларга конституциявий мақом бермоқчимиз. Бунда ҳар қандай тадбиркор ва унинг истиқболли ташаббуслари кафолатланиши белгиланмоқда. Бу бизга нима беради? Ли Куан Ю айтмоқчи, арзон ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш имконини беради, шу орқали мамлакатда товарлар ва хизматлар экспорти ҳажми ошишига эришилади.
Ўнинчи мисол: 79-моддада “Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади”, дейилмоқда. Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Масалага шу нуқтаи назардан ёндашсак, мазкур норманинг нақадар ҳаётбахш эканини англаш мушкул эмас. Агар мен адашмаётган бўлсам, ҳалигача ҳеч бир мамлакатда ёшларнинг барча жабҳадаги ҳимояси, жамият ва давлат ҳаётидаги иштироки Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясидаги каби бунчалик эътиборга олинмаган.
Эътибор беринг, давлат ҳар бир ёшнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашни ўз зиммасига олмоқда, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун ҳамиша тайёрлигини билдирмоқда. Бундан англашиладики, Янги Ўзбекистон узоқ йиллик мустаҳкам ва ўзгармас стратегиясига эга. Унда бизни ёшларнинг шахду шижоати билан йўғрилган катта ўзгаришлар ва фаровон ҳаёт қарши олишига ишончимиз комил.
* * *
Биз бугун янги таҳрирдаги Конституциямиздан ўрин олган ўнта янгиликни санадик. Аслида улар жуда кўп, қарийб ҳар бир моддада кўзга ташланади. Муҳими битта гап: Янги Ўзбекистон ўзининг танланган, сараланган йўлидан қатъий ирода билан олға борар экан, бу йўлда бизни мақсад сари элтувчи ягона манба, бу – халқимизнинг хоҳиш-иродаси мустаҳкамлиги, собитқадамлиги ва ислоҳотларга ишонч ҳисси буюклигида.
Энг муҳими, янги таҳрирдаги Конституциямиз бизни ана шу мақсадлар сари олиб борувчи Бош ҳуқуқий асосдир. Бунда сизу бизнинг овозимиз ҳам бўлиши керак. Шундай экан, барчамиз референдумда иштирок этиб, янгиланаётган ҳаётимиз учун яна бир бор овоз беришимиз зарур бўлади.
Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
академик
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти